Маҳаллий бюджетлар бошқарувида ўзгаришлар кутилмоқда
Мамлакатимизда ҳудудларнинг молиявий мустақиллигини кенгайтириш, маҳаллий бюджетларни бошқариш самарадорлигини ошириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш имконини бермоқда.
Парламент қуйи палатаси мажлисида маҳаллий бюджетларни бошқаришда тезкорликни таъминлаш ва мустақилликни ошириш ҳамда бюджет жараёнининг самарадорлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, маҳаллий бюджетларнинг биринчи ва иккинчи гуруҳ харажатлари, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон воситаларини сотиб олиш учун бюджетдан ажратилган маблағларни кўпайтириш ёки камайтиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар фақатгина Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга ошириб келинади. Бу эса бюджет маблағларидан оқилона фойдаланишда қийинчиликларни юзага келтирмоқда.
Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига ўзгартириш киритилиб, юқорида қайд этилган муаммо, яъни мазкур харажатлар бўйича ўзгартиришларда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишиш амалиёти бекор қилинмоқда.
Биринчи гуруҳ харажатлари — иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар билан боғлиқ харажатлар, иккинчи гуруҳ харажатлари эса иш ҳақидан ажратмалар, яъни ижтимоий солиқни назарда тутувчи харажатлар, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон воситаларини сотиб олиш учун режалаштирилган маблағларни кўпайтириш ёки камайтириш Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилмасдан, бевосита Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри иқтисодиёт ва молия бош бошқармалари томонидан амалга ошириладиган бўляпти.
Ушбу нормалар маҳаллий бюджетларни бошқаришда тезкорлик ва самарадорликни таъминлайди ҳамда бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш имконини кенгайтиради.
М.Комилова, ЎзА