“Маҳаллам – лойиҳам” ғолиблари миллий форуми ўтказилди
Бугунги маҳаллалар янада обод, файзли кўриниш касб этиши билан бирга, одамларнинг оғирини енгил қилиш, муаммоларга ечим топиш, илғор ташаббусларни илгари суриш масканига айланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, маҳаллалардаги ижтимоий, иқтисодий ва экологик масалаларни фуқаролар ташаббуси ва жамоатчилик иштирокида ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан “Маҳаллам – лойиҳам” дастури амалга оширилмоқда.

Мазкур дастур доирасида Ёшлар ижод саройида “Ташаббусдан тараққиётга: “Маҳаллам – лойиҳам” ғолиблари миллий форуми” бўлиб ўтди.
Форум доирасида маҳаллаларда аҳоли ташаббуси асосида амалга оширилган энг илғор лойиҳалар тақдимоти, фаол маҳалла раислари ҳамда ёшлар етакчиларини тантанали тақдирлаш маросими, шунингдек, турли номинациялар бўйича ғолибларни эълон қилиш тадбирлари ташкил этилди.
Айтиш керакки, “Маҳаллам – лойиҳам” дастури доирасида “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)” мақоми бериладиган 33 та туман ва шаҳардаги 1609 та маҳалла иштирок этди. “Рақамли маҳалла” платформасининг “Маҳаллам – лойиҳам” модули орқали маҳалла раислари, ёшлар етакчилари ва “еттилик”нинг бошқа аъзолари иштирокида муҳокамалар ўтказилиб, ижтимоий, иқтисодий ва экологик йўналишларда жами 1390 та лойиҳа шакллантирилди.

Лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида жами 5 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ҳар бир лойиҳа учун 100 миллион сўмгача маблағ йўналтирилиши белгиланган.
Жорий йилнинг 1-10 май кунлари ўтказилган овоз бериш жараёнида қарийб 45 минг нафар фуқаро иштирок этди. Натижада энг кўп овоз тўплаган 33 та лойиҳа ғолиб деб топилди.
Ғолиб лойиҳалар орасида 11 та мини футбол ва волейбол майдони қуриш, 7 та қуёш батареяли ва LED ёритгичли кўча чироқларини ўрнатиш, 4 та болалар майдончаларини қуриш ва таъмирлаш, 3 та таълим муассасасини жиҳозлаш, 2 та кутубхона ташкил этиш, 2 та пиёдалар йўлакчасини барпо этиш, 2 та мини парк яратиш, дам олиш жойларига ўриндиқлар ўрнатиш ҳамда дарахтзорлар барпо этиш каби ташаббуслар мавжуд.

Овоз бериш жараёнида Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Каттасайдов маҳалласи энг юқори натижани қайд этиб, овоз бериш ёшидаги аҳолининг 82 фоизи иштироки таъминланди ва 1637 та овоз тўпланди.
Шунингдек, Тошкент вилояти Бўка тумани Мирзабек маҳалласи 1221 та овоз, Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани Ўрнек маҳалласи 1178 та овоз, Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани Дўнгсарой маҳалласи 1082 та овоз, Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Янгиравот маҳалласи 1028 та овоз, Хоразм вилояти Янгиариқ тумани Шихбоғи маҳалласи 1003 та овоз тўплашга муваффақ бўлди.
Мазкур форум аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, ҳудудларни обод ва замонавий инфратузилмага эга масканларга айлантириш борасида муҳим аҳамият касб этди.
Н.Усмонова, ЎзА