Маҳаллаларда хавфсизлик устувор вазифа
Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси А. Эшмуратов, қўмита аъзоси З. Бекатова, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тармоқ раҳбари А. Камилов, Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти директори Й. Канязов, Коррупцияга қарши курашиш бўйича вилоят ҳудудий кенгаши аъзолари, вилоят ҳокимининг соҳага масъул ўринбосарлари, вилоят прокурори, вилоят ИИББ бошлиғи ҳамда туман ва шаҳар студияларидан қизил тоифага киритилган 64 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг "еттилик" таркиби вакиллари иштирок этди.

Сессияда Тошкент вилоятида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш ҳамда мазкур йўналишларда амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантиришда ички ишлар органлари, прокуратура, маҳалла "еттилиги" ва тегишли давлат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, айрим ҳудудларда ишлаб чиқилган "йўл хариталари" ижросига масъулият билан ёндашилмаётгани, профилактик ишлар етарли даражада ташкил этилмаётгани қайд этилди.

Йиғилишда судланган ҳамда пробация назоратидаги шахсларнинг бандлигини таъминлаш ишларини кучайтириш зарурлиги айтилди. Жиноятларнинг муайян қисми ишсиз фуқаролар томонидан содир этилаётгани қайд қилиниб, уларни иш билан таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини кенгайтириш юзасидан вазифалар белгиланди.
Муҳокамалар давомида ҳудудлардаги мавжуд муаммолар таҳлил қилиниб, масъул ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди. Коррупциявий хавфларни бартараф этиш, профилактик тадбирларни кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Шунингдек, вилоят бюджети қўшимча манбалари ҳисобидан маблағларни йўналтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Муҳокамаларда мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш муассасаларида коррупциявий хавфларни бартараф этиш, ходимларнинг хизмат одоби, касбий масъулияти ва лавозим вазифаларини пухта билишини таъминлаш юзасидан мавжуд камчиликлар танқидий таҳлил қилинди.
Якунда кун тартибидаги барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилиниб, белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш юзасидан масъул ташкилотларга аниқ топшириқлар берилди.
А.Мусаев, ЎзА