Маҳаллалар уюшмаси раиси самарқандлик ёшларнинг масалаларини ўрганди
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси, ёшларнинг масалаларини ўрганиш бўйича республика ишчи гуруҳи раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев Самарқанд вилоятида бўлиб, ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Шу йилнинг 30 июнь куни давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз ёшлари билан учрашувида берилган топшириқ ва вазифалар асосида маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида республика ишчи гуруҳи жойларда ўрганишлар олиб бормоқда.
Ишчи гуруҳнинг Самарқанд вилоятидаги фаолияти давомида гуруҳ раҳбари, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қ.Қуронбоев Самарқанд шаҳрида ёшлар билан учрашув ўтказди.

Самимий ва очиқ руҳда кечган учрашувда ёшларни қийнаётган муаммолар, уларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди. Қаҳрамон Қуронбоев ҳар бир масалага алоҳида эътибор қаратиб, уларни ижобий ҳал этиш бўйича масъулларга топшириқлар берди, зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Жумладан, шаҳарнинг Мароқанд маҳалласи ёшлари томонидан маҳаллада замонавий кутубхона ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Учрашувдан сўнг Қаҳрамон Қуронбоев маҳаллага бориб, ҳудуд инфратузилмасини жойида ўрганди ҳамда кутубхона ташкил этиш имкониятларини кўздан кечирди.

Шунингдек, “маҳалла еттилиги” ва фаоллар билан ўтказилган мулоқотда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, маҳалладаги мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда ёшлар учун замонавий ва қулай шарт-шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири