Маҳаллада янги лойиҳа ишга тушди
Фарғона вилоятида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, нархлар барқарорлигини таъминлаш, захирасини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Фурқат туманида соҳа фаолиятини ривожлантириш, янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, янги ташаббуслар кўлами кундан кунга кенгаймоқда.

— “Ғунча” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида фойдаланишга топширилган "National dairy industry" масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш борасида янги имкониятлар яратди. Бу ерда бир кунда 5 тоннадан ортиқ сут маҳсулотлари қайта ишланмоқда. Умумий қиймати 2,5 миллиард сўм бўлган янги лойиҳа доирасида 20 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида, туман ҳокимлиги балансида бўлган собиқ касб-ҳунар коллежининг устахона биноси “e-auksion” орқали ижарада фойдаланиш учун берилди.

Замонавий технологиялар билан жиҳозланган қўшма корхонада қатиқ, қаймоқ, кефир, сметана, айрон, творог, йогурт сингари ўн турдан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
– Президентимиз раислигида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш ва захирасини яратиш юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳсулот турларини кўпайтиришга алоҳида эътибор беряпмиз, – дейди корхона раҳбари Абдулҳай Йўлдошев. – Шу мақсадда Голландия ва Германиядан 186 бош маҳсулдор чорва моллар олиб келинди. Натижада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 7 тонна, тайёр маҳсулот турлари 15 тага етди.
М.Сулаймонов, ЎзА