Маҳалла хавфсизлиги ва профилактика инспекторлари фаолиятини такомиллаштиришнинг янги босқичи
Мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими туб бурилиш палласига кирди. Бугунги кунда хавфсизлик концепцияси фақатгина жиноятчиликка қарши курашиш эмас, балки аҳоли билан яқин мулоқот ўрнатиш, фуқароларнинг тинч-тотув ҳаётини кафолатлаш ва энг муҳими, тизимни “аҳолига хизмат кўрсатувчи тизим” тамойили асосида қайта қуришни тақозо этмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтказилган профилактика инспекторлари фаолиятини такомиллаштириш ва соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантиришга бағишланган тақдимот мағзи шу мақсад йўлидаги тарихий қадам бўлди.
Бугунги кунда республика бўйича 9 мингга яқин маҳаллада 10 мингдан ортиқ профилактика инспектори хизмат олиб бормоқда. Бироқ соҳадаги энг оғриқли нуқталардан бири — уларга хос бўлмаган 50 га яқин қўшимча вазифаларнинг юклатилгани эди. Бу инспекторларнинг маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш ва аҳоли муаммоларини ҳал этиш ўрнига, қоғозбозлик ва бегона топшириқлар билан банд бўлиб қолишига сабаб бўлаётган эди.
Бу муаммони илдизи билан ҳал этиш мақсадида “Ички ишлар органлари профилактика инспекторининг мақоми тўғрисида” ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, инспекторларнинг касбий фаолиятига аралашиш, асоссиз юкламалар бериш қатъиян тақиқланади. Эндиликда улар давлат органларининг ахборот тизимларидан бепул фойдаланиш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича жазо қўллаш ваколатларига (18 та модда бўйича огоҳлантириш бериш) эга бўлади. Давлат идоралари инспектор сўровига 10 кунда, тақдимномасига эса 1 ойда жавоб беришга мажбур этилади. Шу билан бирга уларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилиб, ҳокимликлар томонидан хизмат уйи ва хоналари билан таъминланиши қонунан мустаҳкамланмоқда.
Янги тизимнинг энг инқилобий жиҳати — жиноятчиликни баҳолашда қуруқ рақамлар ва статистик кўрсаткичларни таққослаш амалиётидан воз кечилишидир. Халқаро тажрибада кенг қўлланиладиган "Community policing" (жамиятбай ҳуқуқ-тартибот) модели каби эндиликда асосий мезон аҳолининг ишончи ва розилиги бўлади. Маҳалла посбонлари ҳар чоракда аҳоли олдида ҳисобот беради.
Агар маҳалла аҳлининг 50 фоиздан кўпи инспекторга ишончсизлик билдирса, унинг лавозимга лойиқлиги қайта кўриб чиқилади. Шунингдек, тезкорликни ошириш учун йўл-патруль, патруль-пост ва қўриқлаш хизматларининг вазифалари ўзаро уйғунлаштирилади ва улар ҳудудидан қатъи назар аҳоли мурожаатига биринчи бўлиб етиб бориши шарт этиб белгиланмоқда.
Замонавий дунёда жиноятчиликни жиловлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва "Ақлли шаҳар" (Smart City) тизимларининг ўрни беқиёс. Шу боис маҳаллалар даражасида интеллектуал видеокузатув тизимларини кенгайтириш, ҳуқуқбузарликлар содир этилиши мумкин бўлган "қизил ҳудудлар"ни Big Data (катта ҳажмли маълумотлар) таҳлили орқали аниқлаш устувор вазифага айланмоқда. Бу эса инспекторларга вазиятни масофадан туриб назорат қилиш ва жиноятларни содир этилмасдан туриб, барвақт бартараф этиш имконини беради.
Замонавий дунёда жиноятчиликнинг трансформацияси, айниқса, кибержиноятлар, рақамли фирибгарликлар ва ижтимоий инженерия хавфлари ривожланаётган даврда соҳа ходимларидан мутлақо янгича билим ва кўникмалар талаб этади. Шу сабабли, таълим тизими ҳам тубдан ислоҳ қилинмоқда. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун замонавий, ватанпарвар ва ҳар томонлама етук кадрларни тайёрлаш мақсадида Жамоат хавфсизлиги университети ва ИИВ Академияси трансформация қилиниб, “таълим – тадқиқот – амалиёт” занжири асосида узлуксиз кластер тизими яратилмоқда.
Кундузги таълим квотаси 600 нафаргача, масофавий таълим квотаси эса 300 нафаргача оширилиши кутилмоқда. Назария ва амалиётни уйғунлаштирувчи дуал таълим жорий этилиб, ўқув дастурларига дрон ва робототехника билан ишлаш, геоахборот тизимлари, рақамли таҳлил (OSINT), профайлинг, конфликтология ва оилавий медиация каби инновацион фанлар киритилмоқда. Наманган ва Самарқанд техникумларида эса махсус ўрта-махсус маълумотли офицерлар тайёрлаш йўлга қўйилади.
Хулоса қилиб айтганда, соҳада амалга оширилаётган бу янгиланишлар шунчаки ташкилий ўзгаришлар эмас, балки тизимнинг фалсафасини янгилашга қаратилган стратегик ислоҳотдир. Профилактика инспекторининг ҳуқуқий мақомини юксалтириш, уни ортиқча бюрократиядан халос этиш ва фаолиятига замонавий рақамли технологияларни татбиқ этиш орқали Ўзбекистонда хавфсиз ва осойишта муҳит яратишнинг мустаҳкам пойдевори қўйилмоқда. Мақсад ягона — халқ манфаатларига содиқ, фуқароларнинг чинакам ҳимоячиси ва кўмакчисига айланган замонавий ҳуқуқ-тартибот тизимини шакллантиришдир.
Алоуддин Ғаффоров,
ЎзАh