Маҳалла ўсмирлари теннисчи
Самарқанд шаҳрида 13-16 ёшли ўсмирлар ўртасида стол тенниси бўйича “Маҳалла кубоги” республика мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Маҳаллаларда оммавий спортни кенг тарғиб қилиш, ўсмирлар ўртасида стол теннисини янада оммалаштириш, уларни жисмоний соғломлаштириш ҳамда ўсмирларни доимий равишда спортга жалб қилиш мақсадида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ташаббуси билан Ўзбекистон стол тенниси федерацияси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган турнирнинг дастлабки босқичи маҳалла фуқаролар йиғинларида 5268 нафар ёшлар иштирокида ўтказилди.

Улар орасидан сараланган 1616 ўғил-қиз 808 жамоага бўлинган ҳолда туман (шаҳар) босқичида куч синашди. Вилоят босқичида туман, шаҳар босқичида ғолиб деб топилган 16 та жамоа ўзаро куч синашди.

Муросасиз кечган баҳсларда Пастдарғом туманидаги Жоулқосим маҳалласи жамоаси биринчи ўринни қўлга киритиб, мусобақанинг республика босқичига йўлланма олди. Кейинги совринли ўринлар Пайариқ туманидаги Дарвишиқ ва Иштихондаги Халқобод маҳаллалари ўсмирларига насиб этди.
Мусобақа ғолибларига “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА