Магдий Заъбал: Сайловда ёшлар фаол бўлди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Президент сайловини кузатиш учун мамлакатимизга келган “Миср – Ўзбекистон” дўстлик жамияти раиси Магдий Заъбал билан учрашув ўтказилди.
Тадбирда Қўмита раиси Рустамбек Қурбонов меҳмонларни Ўзбекистонга ташрифи билан қутлаб, сўнгги йилларда мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини ва кўпмиллатли оила туйғусини мустаҳкамлашга оид кенг кўламли ишлар хусусида маълумот берди. Жумладан, дўстлик ва кўп миллатли ягона оила туйғуси муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, фуқаролар тотувлиги барқарорлигини, турли миллатлар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантиришга хизмат қилиб келаётганлиги таъкидланди.
Магдий Заъбал ҳам ўз навбатида, учрашув учун миннатдорчилигини билдирди. Чет эллик меҳмон Ўзбекистонни Марказий Осиёда энг барқарор ривожланаётган, улкан иқтисодий-ижтимоий салоҳиятга эга ҳамкор давлат сифатида кўришини, кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасида турли соҳалар, жумладан, маданият, санъат йўналишидаги ҳамкорлик алоқалари янада ривожланаётганини, бунда икки мамлакат халқлари ўртасидаги халқ дипломатиясига асосланган алоқалар муҳим аҳамият касб этишини айтди. У "Миср – Ўзбекистон” дўстлик жамиятининг мақсад ва вазифалари, фаолияти ҳамда у томонидан ташкил этилиб келинаётган тадбирлар ва лойиҳалар ҳақида маълумот берди.
"Миср – Ўзбекистон” дўстлик жамияти Қўмита билан делегация алмашинувини йўлга қўйиш, ҳамкорликда давра суҳбатлари, анжуманлар ташкиллаштиришга тайёр эканлиги маълум қилинди.
Миср Араб Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Амира Фаҳми ҳам Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларнинг ривожланишига ҳисса қўшишда элчихона ҳам тайёрлиги ва қўллаб-қувватлашини билдирди.
Суҳбат давомида Магдий Заъбал Ўзбекистонда жорий йил 24 октябрь куни ташкил этилган Президентлик сайлови ҳақида ҳам тўхталиб, сайлов жараёнлари тўғри ташкил этилганлиги, унда айниқса ёшларнинг фаол иштирокини кўриб қувонганини, халқаро кузатувчилар учун ҳам барча шароитлар яратилганлигини юксак эътироф этди.
Н.Усмонова, ЎзА