“Made in Uzbekistan” бренди Токиода: дунёни забт этаётган ўзбек таъми
Шу кунларда Япония пойтахти Токио шаҳрида “Anuga Select Japan-2026” халқаро озиқ-овқат ва ичимликлар кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
“Made in Uzbekistan” миллий стенди ташкил этилган мазкур тадбирда мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари ҳам ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. Бу ҳақда “Савдони ривожлантириш компанияси” АЖ Матбуот хизмати хабар берган.

“Anuga Select Japan-2026” озиқ-овқат саноатидаги энг сўнгги инновация, соғлом овқатланиш ва барқарор ривожланиш тенденцияси намойиши учун асосий майдон ҳисобланади. “Соғлом сайёра учун соғлом озиқ-овқат!” мавзусида ўтказилаётган мазкур кўргазмада сифатли озиқ-овқат, ичимлик, гўшт маҳсулотлари ва музлатилган тайёр таомлар намойиш этилмоқда.
Жами 126 кв/м майдонда ташкил этилган “Made in Uzbekistan” миллий стендида 18 корхона томонидан миллий маҳсулотларимиз тақдим қилинган. Жумладан, сара қуритилган мева, табиий шарбат, зиравор ва қандолат маҳсулотлари нафақат маҳаллий, балки бутун Шарқий Осиё сармоядорларида жиддий қизиқиш уйғотмоқда.

Дунёнинг айни йўналишдаги энг илғор тажрибаси жамланган ушбу майдонда мамлакатимиз вакиллари фаол иштирок этиши Япония бозорида Ўзбекистон маҳсулотлари экспортини кенгайтириш ва янги стратегик ҳамкорлар топиш йўлидаги дадил қадамдир.
Серқуёш заминимизда етиштириладиган сифатли, харидоргир маҳсулотлар шифобахшлиги ва табиийлиги билан ажралиб туради. Шу нуқтаи назардан, ушбу кўргазма экспортчиларимиз учун хорижий ҳамкорлар сафини кенгайтириш, самарали шартномалар имзолаш, янги бозорлар кашф этиш имконини берди.

Маҳсулотларимизни “Made in Uzbekistan” бренди остида дунёга танитиш эса мамлакатимиз экспорт салоҳиятини янада ошириб, иқтисодиётимизни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА