Маданият марказлари фаолияти қай ҳолатда?
Аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши, маънавий-маърифий озуқа олишида ҳудудлардаги маданият марказларининг фаолияти алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу марказларда ташкил этиладиган маданий-маърифий тадбирлар, концерт-томоша дастурлари ҳамда кутубхона ва турли йўналишдаши тўгараклар каттаю кичик ҳаммага бирдек кўтаринкилик ва маданий ҳордиқ бахш этади.
Аммо бугун жойлардаги маданият марказларининг фаолияти қай даражада ташкил этилган, уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур имкониятлар мавжудми?
Ушбу масалалар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимовга “Республика ҳудудларида маданият марказлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги масала юзасидан юборган парламент сўровига берилган жавобда ўз аксини топган. Парламент қуйи палатасининг 21 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисида депутатлар ушбу парламент сўровига жавобни кўриб чиқди.
Бош вазир ўринбосари жавобида қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда моддий ва номоддий маданий мерос дурдоналарини сақлаш, маданият ва санъат муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш, миллий маданиятни янада ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда юртимизда фаолият юритиб келаётган 826 та маданият марказилари томонидан 2019-2021 йиллар давомида 10 мингга яқин маданий-маърифий тадбир, 17 ярим мингдан ортиқ концерт-томоша дастури намойиш этилди. Шунингдек, маданият марказларида 4522 та тўгарак ташкил этилиб, уларда 53 мингга яқин аҳоли, шундан 37 мингдан зиёд ёшлар қамраб олинди.
“Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Обод марказ”, туман (шаҳар)ларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида 51 та маданият маркази тўлиқ таъмирланиб, моддий-техник базаси мустаҳкамланди.
А.Абдуҳакимов жавобига кўра, чекка ва олис тоғли ҳудудлардаги аҳолига маданий хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш мақсадида махсус мусиқий техник ускуналар билан 2 та ихтисослаштирилган ва махсус мусиқий техник ускуналар билан жиҳозланган “Автоклуб” транспорт воситаси Андижон ва Навоий вилоятларида тажриба лойиҳаси сифатида амалга оширилмоқда. Айни вақтда мазкур лойиҳа доирасида эришилган ижобий натижалар асосида барча ҳудудларни “Автоклуб” билан таъминлаш чоралари кўриляпти. Соҳада амалга оширилган ишлар натижасида 112 тa маданият марказида кутубхона ва ўқув заллари ташкил этилиб, китоб фондлари яратилди.
Шу билан бирга, маданият марказларининг тўлиқ ва самарали фаолият олиб боришида салбий таъсир кўрсатадиган омилларни аниқлаш ҳамда ёшларнинг маданий дам олишлари ва бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини тизимли ташкил этиш мақсадида Маданият вазирлиги томонидан жорий йилнинг февраль ойида республика ҳудудларидаги маданият ва санъат муассасалари бино-иншоотлари тўлиқ хатловдан ўтказилди.
Зарур қулайликларга эга, инновацион технологияларни қўллаган ҳолда аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш имкониятини берувчи маданият марказларини қуриш мақсадида 2022-2023 йилларда Инвестиция дастурлари доирасида Тошкент вилояти мисолида 7 та маданият маркази учун Hi-tech услубидаги ихчам маданият марказларини қуриш ва жиҳозлаш ишларини ташкил этиш режалаштирилган.
Бунинг натижасида 2022-2026 йиллар давомида 826 та маданият марказида таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилиб, улардаги тўгараклар сони 8 минг 500 тага кўпаяди, тўгаракларга 100 минг нафардан кўпроқ аҳоли қамраб олинади.
Мажлисда Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимовнинг жавоби маълумот учун қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА