Лойиҳанинг муҳим жиҳати — ўқувчиларни замонавий касбларга йўналтириш
Гулистон шаҳридаги 2-сонли умумтаълим мактабида Сирдарё вилоятининг шаҳар ва туманларидан саралаб олинган 700 нафар 8-синф ўқувчиси «Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари» лойиҳасига қабул учун ташкил этилган саралаш имтиҳонида иштирок этди.
Синовлар Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Рақамли технологиялар вазирлигининг Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмаси ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг танқидий ва мантиқий фикрлаши, ахборот технологиялари бўйича билими, инглиз тилини ўзлаштириш даражаси ва муаммоли масалаларни ечиш кўникмалари баҳоланди. Топшириқлар орқали уларнинг маълумотни таҳлил қилиш, мантиқий хулоса чиқариш ва муаммоларга ечим топиш қобилиятларига ҳам эътибор қаратилди.

«Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари» лойиҳаси иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш, уларни замонавий рақамли технологиялар ва хорижий тилларга йўналтиришга қаратилган. Юқори натижа кўрсатган иштирокчилар лойиҳа доирасида IT йўналишлари ва хорижий тилларни чуқур ўрганиш, шунингдек, рақамли соҳада зарур билим ва кўникмаларни ривожлантириш имкониятларига эга бўлишади.

Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати — ўқувчиларни мактаб давриданоқ замонавий касбларга йўналтириш ва уларнинг салоҳиятини ривожлантириш учун таълимий муҳит яратишдир. Шу мақсадда саралаш жараёнида нафақат мавжуд билим, балки таҳлил қилиш, мустақил фикрлаш ва амалий ечим топиш қобилияти ҳам инобатга олинмоқда.

Гулистондаги бугунги синовлар ҳам ана шу мақсадга қаратилди. Энг юқори натижа қайд этган ўқувчилар «Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари» лойиҳаси иштирокчиси сифатида таълимни давом эттиради.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири