Лондонда ўтказилаётган ишбилармонлик тадбирлари ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Юртимизнинг инвестициявий ва сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилиш ва Ўзбекистон брендини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Лондонда ўтказилаётган ишбилармонлик тадбирлари доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов ҳамда Буюк Британиянинг Мусулмонлар савдо форуми (MTF) раиси Иқбол Сакрани ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашув аввал имзоланган ҳамкорлик меморандумининг мантиқий давоми сифатида ташкил этилди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкин, Muslim Trade Forum (MTF) Буюк Британиядаги фаол бизнес нетворкинг платформаларидан бири бўлиб, турли соҳалардаги тадбиркорлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантиради ва халқаро алоқаларни кенгайтиради.
Платформа орқали бир қатор давлатлар бизнес доиралари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, у Буюк Британиядаги йирик истеъмол бозорига чиқиш учун самарали майдон вазифасини ўтайди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси маълумотига кўра, учрашувда томонлар бизнес алоқаларини кенгайтириш, янги бозор имкониятларини аниқлаш ҳамда тўғридан-тўғри ҳамкорликни кучайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Музокаралар натижасида MTF томонидан тадбиркорлар делегациясини Ўзбекистонга юбориш, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бизнес-форумлар ва B2B учрашувлар ташкил этиш ҳамда маҳаллий маҳсулотлар учун экспорт буюртмаларини шакллантириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича амалий келишувларга эришилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг инвестициявий ва сайёҳлик салоҳиятини Буюк Британия бозорида тарғиб қилиш ва мамлакат брендини мустаҳкамлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Ташкилот аъзолари орасида Афғонистон бозорига қизиқиш юқори бўлиб, бу Ўзбекистоннинг минтақавий логистика ва савдо маркази сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкин.
А.РУСТАМОВ, ЎзА