Литва ядровий қуролга оид конституциявий тақиқни бекор қилмоқчи
Литва парламенти мамлакат ҳудудида ядровий қурол жойлаштирилишини тақиқловчи конституциявий нормани бекор қилишга биринчи қадамни қўйди. Вильнюс бу орқали НАТОнинг ядровий тийиб туриш тизимида тўлиқ иштирок этиш ва мудофаа имкониятларини кенгайтиришни кўзламоқда.
Парламентдаги овоз беришда 106 депутат ташаббусни қўллаб-қувватлади, 18 нафари қарши чиқди, олти нафари эса бетараф қолди. Конституцияга киритилаётган ўзгартириш камида уч ойдан кейин яна овозга қўйилади ва уни қабул қилиш учун 141 депутатдан камида 94 нафари тасдиқлаши керак.
Якуний овоз бериш 2027 йил 12 январь кунига режалаштирилган. Амалдаги 137-модда Литвада оммавий қирқин қуроллари — катта ҳудуд ва кўп сонли одамларни йўқ қилишга қодир қуроллар ҳамда хорижий ҳарбий базалар жойлаштирилишини тақиқлайди. Шу сабабли ҳозирча ядровий қурол олиб юрувчи иттифоқчи самолётлар ёки кемаларининг ўлка ҳудудига кириши ҳам ҳуқуқий жиҳатдан чекланган.
Ташаббус тарафдорлари Литва Республикаси Латвия, Эстония ва Польша каби НАТОга аъзо давлатлардан камроқ ҳимояланган ҳолатда қолмаслиги кераклигини таъкидламоқда. Финляндия ҳам шу йил ядровий қуролга оид миллий тақиқни бекор қилган, бироқ Хельсинки бу қарор мамлакатда ядровий қурол жойлаштирилади ёки сотиб олинади, дегани эмаслигини маълум қилган.
Мусулмон Зиё, ЎзА