Кураш: “Олимпия шаҳарчаси”да қозоғистонлик олимлар билан учрашув ўтказилди
Мамлакатимиз спортида, ҳусусан спорт таълимида юз бераётган ўзгариш ва янгиликлар билан танишиш мақсадида Ўзбекистонга келган Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида жойлашган Минтақавий инновацион университети делегацияси аъзолари пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”га келди.
Ташриф давомида қўшни мамлакат спорт таълими делегацияси аъзолари Халқаро кураш институтининг профессор-ўқитувчилари, мутахассислари билан учрашув ўтказди.
Чимкентдаги Минтақавий инновацион университети ректори Ермакхан Кистаубаев бошчилигидаги делегация Халқаро кураш институти проректори Комил Муҳаммадиев, мутахассислар билан мулоқот давомида кураш спортини ривожлантириш, унинг илмий асосларини халқаро майдонда кенг тарғиб этиш, кураш спортининг таълим йўналишини янги босқичга олиб чиқиш борасида ўзаро фикр алмашди.

Меҳмонлар “Олимпия шаҳарчаси” ва унинг инфратузилмасига юқори баҳо бериб, Ўзбекистон спорти кенг миқёсли инновацион ривожланиш босқичига кўтарилганлигини эътироф этишди.
Муҳокамалар жараёнида ҳар икки таълим муассасаси ўртасида кураш спортини ривожлантириш, маҳоратли мураббий мутахассисларни тайёрлаш йўналиши бўйича таклифларни илгари суришди.
Учрашувда Халқаро кураш институти томонидан Чимкентдаги Минтақавий инновацион университет базасида кураш бўйича келгусида ўтказиладиган семинар ва ўқув машғулотлар учун адабиётлар, дарсликлар, аудио қўлланмалар, монографиялар ажратиш, шунингдек ҳамкорликда кураш дарсликларини яратиш, профессор-ўқитувчилар ўртасидаги илмий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари белгилаб олинди.
Т. Рўзиев, ЎзА