Кундузги парвариш хизмати такомиллашмоқда
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилоят бошқармаси билан тузилган битим асосида Оққўрғон тумани Шодлик маҳалласида давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизмати йўлга қўйилган эди.
Ҳозир мазкур марказ болалар ҳамда уларнинг оилалари учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Айни пайтда бу ерда 23 нафар бола сифатли парваришланяпти. Ушбу хизматнинг асосий мақсади ногиронлиги бўлган болаларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, уларнинг салоҳиятини юзага чиқариш ҳамда мустақил ҳаётга тайёрлашдан иборат.

Муҳими, ҳар бир боланинг ёши, имконияти ва ҳолатидан келиб чиқиб, индивидуал режа асосида парвариш, таълимий ва ривожлантирувчи машғулотлар олиб борилмоқда. Ижтимоий мослашув, реабилитация ҳамда таълимий ва маданий фаолиятлар уйғунлигида ташкил этилган ушбу жараён болаларнинг ҳаёт сифатини оширишга хизмат қилмоқда.

Мазкур марказ нафақат болалар, балки уларнинг ота-оналари учун ҳам кенг имкониятлар яратмоқда. Хусусан, ушбу кундузги парвариш хизматига фарзандларини жалб этган беш нафар ота-она ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга муваффақ бўлган.

— Биргина Дилшод Раҳматиллаев мисолида айтиш мумкинки, ҳозир у туманимиздаги 78-сонли махсус мактаб-интернатга ўқишга йўналтирилмоқда. У кундузги парвариш хизматидан мактаб сари йўл олмоқда, — дейди кундузги парвариш хизмати раҳбари Зулхумор Ғаниева. – Мазкур ташаббус натижасида илгари фарзандининг парвариши билан банд, бироқ ишлаш истагида бўлган ота-оналар энди ўз касбига қайтиш, моддий ва маънавий жиҳатдан мустаҳкамланиш имконига ҳам эга бўлмоқда.

Мутахассислар маълумотига кўра, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилоят бошқармаси томонидан бугунгача туман ва шаҳарларда 24 та кундузги парвариш хизмати ташкил этилган. Мазкур хизматларга 302 нафар бола қамраб олиниб, уларнинг парвариши учун давлат томонидан жами 1 миллиард 467 миллион сўм субсидия маблағлари ажратилган. Шу асосида жойларда самарали ишлар ташкил этилган.
А.Мусаев,ЎзА