Кундан кунга чирой очаётган Балиқчи
Мустақилликнинг 30 йиллиги олдидан
Андижон вилоятининг Балиқчи туманида 66 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Айни кунда туманда 190 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади, 56 та умумтаълим мактаби, 117 та мактабгача таълим ташкилоти, 47 та соғлиқни сақлаш муассасаси, шунингдек, 1 минг 794 та кичик ва ўрта бизнес субъекти фаолият юритмоқда.
Кундан кунга юксалиб бораётган Балиқчи тумани Андижоннинг энг обод гўшаларидан бирига айланган. Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз йиллиги нишонланаётган жорий йилда Балиқчида кенг кўламли қурилиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Кўплаб янги савдо, хизмат кўрсатиш шохобчалари, турар-жой бинолари, мактаб ва боғчалар, кенг ва равон йўллар, хиёбонлар бунёд этилмоқда, аҳолининг турмуш фаровонлиги тобора юксалаётир.
[gallery-3216]
Андижон – Наманган автомагистраль йўлининг Балиқчи тумани ҳудудига ўтишингиз билан йўл четларига экилган мевали, манзарали дарахтлар, ранг-баранг гуллар, саранжом-саришталик, ободлик ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради. Бугун Балиқчида саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, хизмат кўрсатиш, савдо, қўйинки, ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларда бўлаётган ўзгаришлар ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради.
Айниқса, инвестиция дастурлари доирасида кейинги икки йил ичида жуда катта хажмдаги ишлар амалга оширилди. Натижада туман иқтисодиётини кўтариш, аҳоли бандлигинини таъминлаш, даромадларини ошириш, яшаш шароитларини яхшилаш борасида салмоқли натижаларга эришилди.
– 2021-2022 йилларда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида умумий қиймати 2 триллион 46 миллиард 246 миллион сўм бўлган 45 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган, – дейди туман ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари Сайдулло Абдулҳомидов. – Лойиҳа ташаббускорларининг 267,3 миллиард сўм маблағи, 65,5 миллиард сўм банк кредити, шунингдек, хорижий банк кредити ҳамда хорижий инвесторларнинг 155,6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳалар натижасида 14 минг 749 та янги иш ўрни яратилади.
Таъкидлаш керакки, туманда инвестиция дастурлари доирасида амалга оширилаётган ишлар кўлами йилдан-йилга ортмоқда. Ўтган 2020 йилда умумий қиймати 345 миллиард 149 миллион сўм бўлган 59 та лойиҳа амалга оширилиб, 1 минг 105 та янги иш ўрни яратилган бўлса, жорий йилда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш йўналишларида умумий қиймати 133 миллиард 174 миллион сўм бўлган 28 та лойиҳа амалга оширилмоқда. 1 минг 114 янги иш ўрни яратилиши белгиланган.
Оққўрғон маҳалла фуқаролар йиғини ўрамида умумий майдони 3,9 гектар бўлган “Ёшлар саноат зонаси”да 71 та лойиҳа жойлаштирилиши кўзда тутилган. Айни кунда қурилиш, бунёдкорлик ишлари қизғин давом этмоқда. Ҳудудни табиий газ, электр энергияси, сув билан таъминлаш, йўлларни асфальтлаш, умуман, тадбиркорларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шароит яратиш бўйича амалий ишлар қилинмоқда.
– Корхонамиз томонидан сутни қайта ишлаш, сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 3 миллиард сўм бўлган лойиҳа амалга оширилмоқда, – дейди “Шоҳмилк” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Зафаршоҳ Носиров. – Ҳозирда қурилиш ишлари якунига етмоқда, хориждан зарур дастгоҳ ва жиҳозлар олиб келинган. Насиб этса, мустақиллик байрами арафасида мазкур корхона ишга туширилади, 50 та янги иш ўрни яратилади.
Ҳуддудда ёш тадбиркор Шаҳризод Мусабоев томонидан Германия технологияси асосида балиқ ва паррандалар учун озуқа ем ишлаб чиқариш линиясини ишга тушириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Умумий қиймати 3 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳани амалга оширилиши билан туманда балиқчилик ва паррандачиликни янаджа ривожлантириш имконияти кенгаяди, қолаверса, 30 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.
Туманнинг Муқанна маҳалласида жойлашган “Миг-фарфор” масъулияти чекланган жамияти бир неча йиллардан буён хитойлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда самарали фаолият юритиб келади. Бу ерда сифатли, харидоргир чинни маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Жамият томонидан инвестиция дастури доирасида ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида янги бино барпо этилди.
– Корхонамизда 10 дан зиёд турдаги чинни маҳсулотлари тайёрланади, – дейди корхона иш бошқарувчиси Шахобиддин Қодиров. – Янги ишлаб чиқариш биносини ишга тушириш ҳисобига маҳсулот ишлаб чиқариш хажми ортади, 350 нафардан зиёд киши доимий иш ўрнига эга бўлади.
Мазкур корхона октябрь ойида ишга туширилиши кўзда тутилмоқда.
Жорий йилдаги йирик лойиҳалардан бири Қумтепа маҳалласида 40 гектар майдонда иссиқхоналар ташкил этилиб, лимонзорлар барпо этилганлигидир. Мазкур лойиҳа доирасида 400 нафар киши доимий иш ўрнига эга бўлган бўлса, мингга яқин киши мавсумий ишга жалб этилади.
Ҳозирда иссиқхоналарда лимон кўчатлари парвариш қилинмоқда, Лимон қатор ораларида эса помидор, болгар қалампири, бодиринг, аччиқ қалампир сингари экинлари экилиб, мўл ҳосил олинмоқда. Бу ерда етиштирилган маҳсулотлар нафақат ички бозорда, балки Қирғизистон, Қозоғистон, Россия сингари давлатларга экспорт қилинди.
– Бир гектар майдонга экилган лимон кўчатларимиз чиройли бўлиб, кўзга кўриниб қолди, – дейди “Тяньшан лимонлари” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Отабек Аҳмаджонов. – Кўчат ораларида сабзавот маҳсулотлари етиштириб, халқимизга етказиб беряпмиз, бозорларимиз тўкинлигини таъминлашга ҳисса қўшяпмиз.
Умуман, жорий йилнинг биринчи ярмида белгиланган лойиҳалардан 15 таси ишга туширилди, 372 та янги иш ўринлари яратилди. Бундан ташқари, йилнинг биринчи ярмида дастурдан ташқари умумий қиймати 34 миллиард сўм бўлган 15 та инвестиция лойиҳасининг ишга туширилиши натижасида 324 та янги иш ўрни яратилди. Жумладан, Насриддинобод маҳалласи ҳудудидаги собиқ ҚВП биноси негизида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Афсона текстил 555” МЧЖ томонидан 500 миллион сўм инвестиция маблағлари ҳисобидан янги тикувчилик цехи ташкил этилиб, ҳудуддаги 40 нафар “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” га киритилган аёллар ҳамда ёшларнинг бандлиги таъминланди.
"COSMO TEXTILES" МЧЖ томонидан Тулкиобод маҳалласидаги собиқ Балиқчи агросаноат коллежининг бўш турган устахона бино-иншоотлари негизида трикотаж махсулотлари ишлаб чиқариш цехи ташкил этилиб, ҳудуддаги 200 нафар аёллар ва ёшлар доимий иш ўрнига эга бўлди.
Навниҳол маҳалласида тумандаги "Бек Голдн Силк" ишлаб чиқариш корхонаси томонидан трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи ташкил этилиб, 50 та янги иш ўринлари яратилди. Умуман, туманнинг қатор ҳудудларида юқоридаги каби кўплаб янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди.
Туманда айни вақтда қолган лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги ишлар изчил ва тизимли давом эттирилмоқда. 2021 йил инвестиция дастурига киритилган лойиҳаларни амалга оширилиши натижасида туманда йилига 47 миллиард 697 миллион сўмлик қўшимча маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ҳамда хизмат кўрсатилишига, 88 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспортини амалга оширилишига эришилади.
Юртимиз ободлиги, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш борасида инвеситиция дастури доирасида олиб борилаётган ишлар натижасида туман иқтисодиёти, аҳолининг турмуш фаровонлиги янада юксалади.
Фахридин УБАЙДУЛЛАЕВ,
Зуҳриддин УМРЗОҚОВ (сурат),ЎзА