Куба болалари ҳаёти хавф остида
БМТ Инсон ҳуқуқи бўйича олий комиссари Фолькер Турк Кубага нисбатан жорий этилган қатъий санкция туфайли мамлакатда гуманитар вазият кескин ёмонлашаётганидан огоҳлантирди. Унинг айтишича, зарур дори-дармон ва тиббий жиҳоз етмаётгани сабабли болалар ҳаёти хавф остида қолган.
2026 йил бошида кучайтирилган ёнилғи чеклови ва қўшимча иқтисодий санкция Куба аҳолисига оғир таъсир кўрсатмоқда. Энг кучли зарба болалар, кексалар ва оғир хасталар гарданига тушяпти. Мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида кунлик электр узилиши 20 соатдан ошиб кетяпти. Бу ҳақда APP агентлиги хабар берди.
Ташкилот тақдим этган рақамлар вазият жуда жиддийлигини кўрсатмоқда. Чақалоқлар ўлими ҳар минг янги туғилган болага нисбатан 9,9 нафарга етган. Болалар саратони билан оғриган беморларнинг тирик қолиш кўрсаткичи 85 фоиздан 65 фоизга тушиб кетган. Зарур дори воситалари таъминоти эса одатий миқдорнинг тахминан учдан бир қисмига тўғри келяпти.
Ёнилғи танқислиги озиқ-овқат ишлаб чиқаришга ҳам сезиларли таъсир қилган. Айрим ҳисоб-китоблар ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 60 фоиз қисқаргани, асосий озуқа маҳсулотлари нархи кескин қимматлашганини кўрсатмоқда. Сув таъминоти, соғлиқни сақлаш ва транспорт тизими ҳам жиддий босим остида.
Фолькер Турк бундай кенг қамровли санкция халқаро инсон ҳуқуқи тамойилига зидлигини таъкидлади. Яъни, иқтисодиётнинг барча тармоқларини қамраб оладиган, аҳолига оммавий таъсир кўрсатадиган чеклов оддий фуқароларни оғир аҳволга солиб қўймоқда.
БМТ гуманитар ёрдам етказиш жараёни ҳам қийинлашаётганини билдирди. Йирик транспорт ва логистика компаниялари хизмат кўрсатишни тўхтатиши минглаб тонна озиқ-овқат юки манзилга етиб боришини кечиктирган. Айрим авиакомпаниялар мамлакатга парвозни қисқартирган, халқаро тўлов тизими билан алоқа янада чекланган.
Ташкилот баҳолашича, иқтисодий босим, электр танқислиги, юқори ҳарорат ва бўрон мавсуми бир вақтнинг ўзида кучайиб, Куба учун “мукаммал инқироз бўрони”ни юзага келтирмоқда. Шу муносабат билан БМТ Вашингтонни санкцияни қайта кўриб чиқишга чақирди, Куба ҳукуматини эса инсон ҳуқуқи ва фуқаролик эркинлигига риоя қилишга даъват этди.
Мусулмон Зиё, ЎзА