Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Креатив иқтисодиёт субъектларини резидентликка қабул қилишда енгилликлар берилади

Қуйи палата мажлисида креатив иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Ушбу қонун лойиҳаси креатив иқтисодиёт соҳасини тизимли ривожлантириш, ижодкорлар ва креатив тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда соҳада инновацион фаолиятни рағбатлантиришга қаратилган.

Қонун лойиҳаси бўйича иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов батафсил маълумот берди:

— Қонун лойиҳасида креатив иқтисодиёт субъектларини қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этиш, улар учун қулай ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий шарт-шароитлар яратиш назарда тутилмоқда.

[gallery-28201]

Шунингдек, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва креатив иқтисодиёт парки резидентлари томонидан амалга ошириладиган бевосита креатив иқтисодиёт соҳалари билан боғлиқ бўлган лойиҳалар сифатини ошириш ҳамда чет эллик контрагентларни жалб қилиш жараёнларини қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзлар бериш таклиф этиляпти.

Хусусан, 2026 йил 1 январдан 2030 йил 1 январга қадар Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва креатив иқтисодиёт парки резидентлари томонидан амалга ошириладиган лойиҳаларга жалб этиладиган чет эллик контрагентлар — санъаткорлар, хонандалар, рассомлар, ҳунармандлар, дизайнер, режиссёр, актёрлар, ҳайкалтарошлар ва бошқа ижод вакиллари қўшилган қиймат солиғи, тўлов манбаида фойда солиғи ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод қилиниши белгиланмоқда. Бунда имтиёз чет эллик контрагентлар креатив индустрия соҳасига бевосита боғлиқ бўлган ишлар ва хизматларни кўрсатиш учун жалб этилганда қўлланилади.  

Бундан ташқари, лойиҳада соҳа жозибадорлигини ва ундаги иштирокчилар сонини ошириш учун янги ташкил этилган креатив иқтисодиёт субъектларини резидентликка қабул қилишда енгилликларни назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.

Қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш, хусусан, мамлакатимиз аҳолиси ва хориждан ташриф буюрувчи сайёҳлар учун ўтказилаётган маданий тадбирлар юқори савияда ташкил этилишига хизмат қилади. Шунингдек, янги иш ўринлари яратилиши, туризм ривожи, мамлакатнинг халқаро маданий имижи ошишига замин бўлади, — деди О.Фозилкаримов.  

Мажлисда муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Муҳтарама Комилова,  

Носир Ҳайдаров (сурат),

ЎзА