Кўза кунда эмас, кунида синади!
Одам савдосига қарши курашиш йўналишида ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Ички ишлар органлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.
Хусусан, пойтахт ҳудудида қизларни хорижий давлатларга жинсий эксплуатация қилиш учун юбориш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ вакили ҳисобланган, 2002 йилда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида туғилган аёл 4 нафар қизларни алдов йўли билан ёллаб, улардан бирини ўзи билан бирга Дубай шаҳрига олиб кетаётган вақтида Тошкент халқаро аэропортида тўхтатиб қолинди.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят Кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 2-қисми “з” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, бу турдаги жиноятлар учун 5 йилдан 10 йил муддатгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Ҳурматли фуқаролар, кундалик ҳаётда шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз ДХХнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беринг. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.