Коррупцияга қарши курашишда тизимли ёндашув кучайтирилмоқда
Бугунги кунда коррупциявий хавфларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, корхоналарда коррупцияга қарши комплаенс механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, стратегик аҳамиятга эга кимё саноатида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш, маблағлардан оқилона фойдаланиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик муҳим аҳамият касб этади.
Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, “Ўзкимёсаноат” АЖ Коррупцияга қарши курашиш бошқармаси ташаббуси билан тармоқ корхоналарида коррупциянинг олдини олиш ва комплаенс тизими самарадорлигини оширишга қаратилган тадбир ташкил этилди.
Унда “Максам-Чирчиқ”, “Аммофос-Максам” ва “Навоийазот” АЖлар бошқаруви раислари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўлинмалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда Президентимизнинг 2025 йил 30 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ҳамда 2026 йил 22 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунининг мазмун-моҳияти атрофлича муҳокама қилинди.
Мазкур ҳужжатларда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, коррупцияга қарши ички тузилмалар фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг мустақиллиги ва ваколатларини кучайтириш, коррупциявий хавфларни баҳолаш ҳамда профилактика чораларини самарали ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳокамаларнинг муҳим йўналишларидан яна бири давлат харидлари жараёнида қонунчилик талабларига риоя этилиши бўлди. Хусусан, маблағларни асосли ва мақсадли сарфлаш, коррупциявий хавфларни минималлаштириш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик бўйича иштирокчиларга зарур тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, коррупциянинг олдини олишда профилактика ва ички назорат механизмларини кучайтириш, ходимларнинг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш ҳамда комплаенс тизими самарадорлигини мунтазам баҳолаб бориш муҳимлиги таъкидланди. Бунда аниқланган коррупциявий хавфларга ўз вақтида муносабат билдириш ва уларни бартараф этишга қаратилган чораларни тизимли равишда амалга ошириш зарурлиги қайд этилди.
Тадбир якунида тармоқ корхоналарида коррупцияга қарши комплаенс тизимини янада ривожлантириш, қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш, коррупциявий хавфларни камайтириш ва ходимларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирларни изчил давом эттириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА