Бухорода Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда комиссия аъзолари, корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Йиғилиш вилоят мактабгача таълим бошқармаси тизимида қайд қилинаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, бу тармоқда давлат харидларига дахлдор қонун бузилиш ҳолатлари таҳлилига бағишланди.
Тадбирда бу каби салбий ҳолатлар коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ислоҳотлар самараси ва халқ ишончига путур етказаётгани қайд этилди. Ушбу жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг олдини олиш учун кўриладиган чоралар тўғрисида мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Ғанишер Жунайтов ва бошқа масъуллар ахборот берди.
Ҳозирда вилоят мактабгача таълим бошқармаси ва унинг шаҳар, туманлардаги бўлимлари тасарруфида жами 7 минг 807 нафар олий, 4 минг 970 нафар ўрта махсус ишчи ходим фаолият юритмоқда. Ҳудудда жами 90 та Давлат хусусий шерикчилик асосида нодавлат МТТ мавжуд бўлиб, уларда 173 нафар олий, 297 нафар ўрта-махсус ишчи ходим меҳнат қилиб келади. Шунингдек, бугун вилоятда жами 1 минг 239 та оилавий, 470 та хусусий МТТ фаолият юритмоқда. Айни кунда тизимда “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини (коррупциявий хавф-хатарни аниқлаш ва уларга чек қўйиш ҳамда коррупциянинг олдини олиш бўйича) амалга ошириш юзасидан 2022-2023 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” тасдиқланган.
[gallery-7516]
Ёш авлоднинг мактабгача таълим муассасаларидан токи, олий таълим тизимигача бўлган узлуксиз билим олиши, касб ўрганиши учун шарт-шароит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани таъкидланди. Бу борада дастлабки бўғин сифатида ишни мактабгача таълим тизимидан бошлаш, бунда кадрлар танловидан тортиб, муассасалар моддий-техник таъминоти, янги лойиҳалар, қурилиш-тендер танловларигача шаффоф ва “инсон омили” аралашувисиз, автоматлаштирилган тартибда холис тизим яратиш бугуннинг долзарб вазифасидир. Шу нуқтаи назардан, муҳокама қилинган масалага доир таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, йиғилганларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Кун тартибидаги масала юзасидан айни кунда вилоятда ўрганишлар олиб бораётган Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Агентлиги директорининг ўринбосари Талъатжон Ҳайдаров бошчилигидаги гуруҳ, жумладан, Республика Олий суди бўлим бошлиғи Анвар Ҳусанов, Республика Монополияга қарши курашиш қўмитасининг бошқарма бошлиғи Дилфуза Насирова, мазкур қўмитанинг Савдоларни назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Мирзоҳид Камилов фикр-мулоҳазалари эшитилди.
Коррупцияга қарши курашиш Агентлиги вилоят ҳудудий Кенгаши фаолияти самарадорлигига эътибор қаратилди. Муҳокамалар давомида вилоят Коррупцияга қарши ҳудудий кенгаши фаолиятини янада такомиллаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Йиғилишда Бухоро вилояти ҳокими, Коррупцияга қарши курашиш вилоят ҳудудий Кенгаши раиси Ботир Зарипов қатнашди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА