Коррупция: катта ишончни оқлаш лозим
Коррупция ва миллий тараққиёт масаласи – юрт тақдири, мамлакат келажаги учун ҳар қачонгидан муҳим ва долзарб аҳамият касб этади. Бу иллатга қарши курашиш барчанинг иши бўлиши зарур. Шундагина биз ушбу хавфни бартараф этган бўламиз.
Президентимиз шу йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида юртимизда коррупциядан ҳоли муҳит яратиш бўйича қилинган ишларга баҳо бериб, келгуси вазифаларни белгилаб берди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида коррупция ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов эканини таъкидлади. Сўнгги йилларда юртимизда коррупцияга қарши кураш кескин кучайтирилди. Албатта, ислоҳотларни барча йўналишлар мисолида кўришимиз мумкин. Хусусан, мамлакатимиздаги охирги йиллардаги ўзгаришлар натижасида Ўзбекистон коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз моделини яратмоқда ва ижобий натижаларга эришмоқда.
Мазкур натижаларнинг асосий ижрочилари коррупцияга қарши курашишга масъул органлар, давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институти вакиллари ва кенг жамоатчилик ҳисобланади. Лекин шу билан бирга бу борада қилиниши керак бўлган ишлар ва галдаги вазифаларга Президентимиз алоҳида тўхталди.
Бу борада, айниқса, Парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатларига ҳам катта ишонч билдирилди. Жумладан, давлатимиз раҳбари бундан кейин Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларига вилоят халқ депутатлари кенгаши раислари бош бўлиши, ҳудудий кенгашлар коррупциявий омилларни аниқлаб, уларга барҳам бериш учун қонунчиликни ўзгартириш, жазо муқаррарлигини таъминлаш бўйича Миллий кенгашга таклиф киритишини айтиб ўтди. Албатта, бу маҳаллий кенгашлар ҳамда биз депутатларга катта масъулият юклайди. Коррупцияга қарши курашишда маҳаллий кенгашлар ва депутатлар маҳаллий бюджет маблағларининг сарфланиши, коммунал хизматлар кўрсатилиши, ер ажратиш, қурилиш ва бошқа соҳалардаги қонунлар ва қарорларни коррупция хавфини камайтириш мақсадида қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш мақсадида тегишли таклифларни бериш, шаффофликни ошириш, маҳаллий бюджетнинг шакллантирилиши ва ижроси устидан қатъий назорат ўрнатиш, ноқонуний харажатлар ва ўзлаштириш ҳолатларини аниқлашда фаол бўлишимиз лозим.
Шунингдек маҳаллий кенгашлар ва депутатлар маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини назорат қилиш, маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам равишда эшитиш ва баҳолаб боришни янада кучайтириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, уларни коррупцияга қарши курашга жалб қилишда депутатлар барчага ўрнак бўлиши талаб этилади.
Тажибай Романов,
“Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, Жўқорғи Кенгесдаги партия фракцияси раҳбари.
ЎзА