Кореялик меҳмонлар БДПИда
Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Won Do Yeon бошчилигидаги делегациянинг Бухоро вилоятига амалий ташрифи доирасида Бухоро давлат педагогика институти жамоаси ва талабалари билан учрашув ташкил этилди.
Меҳмонларни институт ректори Баҳодир Маъмуров бошчилигидаги профессор-ўқитувчилар ва фаол талаба-ёшлар самимий кутиб олди. Ташриф аввалида институт факультетлари томонидан тайёрланган миллий ҳунармандчилик, ижодий ва инновацион кўргазмалар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
[gallery-29527]
Меҳмонлар Бухорода фаолият юритаётган Корейс тили таълим ва машғулот маркази фаолияти билан яқиндан танишди. Марказдаги замонавий жиҳозланган аудиториялар, рақамли технологиялар асосида ташкил этилган ўқув жараёнлари ҳамда талабалар учун яратилган қулай имкониятлар делегация аъзолари томонидан юқори баҳоланди.
Учрашув давомида таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик истиқболлари, академик алмашинув дастурлари, илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Айниқса, институтда ташкил этилган инклюзив таълим хоналари, сунъий интеллект технологияларига ихтисослашган инновацион аудиториялар ва рақамли таълим муҳити кореялик меҳмонларнинг алоҳида эътиборини тортди.
Самимий ва дўстона руҳда кечган мулоқот давомида делегация вакиллари Бухоро давлат педагогика институтида таълим жараёнларини замонавий технологиялар асосида ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди. Шунингдек, Бухорода корейс тилини ўқитиш тизими ва таълим сифати юзасидан илиқ фикрлар билдирилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари