Кореялик инвесторлар учун Ўзбекистонда янги имкониятлар очилмоқда
Бугунги кунда Ўзбекистонда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, хорижий сармояларни жалб этиш ва иқтисодиётнинг стратегик тармоқларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, бунда тоғ-кон саноати ва геология соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова ва “Корея-Ўзбекистон” бизнес ассоциациясининг раиси Ким Чан Кеон ўртасида ўтказилган учрашув айнан шу масалалар муҳокамасига кенг урғу берилди.
Учрашув давомида меҳмон томонга Ўзбекистонда тоғ-кон саноати ва геология соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди. Хусусан, “Ер қаъри тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилингани соҳани тартибга солиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва инвестициявий жозибадорликни оширишда муҳим ҳуқуқий асос бўлаётгани таъкидланди.
Шунингдек, инвесторлар ва тадбиркорлар учун ер қаъри участкаларини ажратишда мутлақо янги, шаффоф ва рақобатбардош механизмлар жорий этилгани қайд этилди. Жумладан, барча участкалар “E-auksion” электрон савдо платформасида очиқ ва адолатли тарзда таклиф этилмоқда. Бу эса хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун тенг имкониятлар яратиб, коррупция омилларини бартараф этишга хизмат қиляпти.
Учрашувда, шунингдек, соҳага инвестицияларни жалб этиш, замонавий технологияларни жорий қилиш, геология-қидирув ишларини кенгайтириш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам фикр алмашилди.
“Корея-Ўзбекистон” бизнес ассоциацияси раиси Ким Чан Кеон Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо бериб, ушбу соҳадаги имкониятлар корейс компаниялари учун катта қизиқиш уйғотаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ассоциация томонидан Жанубий Кореянинг етакчи компанияларини Ўзбекистоннинг тоғ-кон саноати ва геология соҳасига жалб этиш, инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, мазкур учрашув икки томонлама иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, инвестициявий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда замонавий технологиялар ва илғор тажрибалар алмашинувини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА