Кўплаб битирувчи ёшларга имконият эшиклари очилди
“Talaba Expo – 2026”
“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликлари, Ёшлар ишлари агентлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Андижон вилояти Бобур шаҳрида олий ўқув юртлари битирувчилари ҳамда ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида “Talaba Expo – 2026” касб-ҳунар ва бўш иш ўринлари кўргазмаси бўлиб ўтди.
Кўргазма очилишида сўз олган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев мамлакатимизда ёшлар, айниқса, олий ўқув юртлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, уларнинг ташаббус ва ғояларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги, юртимизда мазкур йўналишда кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.
[gallery-29795]
Кўргазмада вилоятдаги бошқарма, корхона, ташкилот ва муассасалар, хусусий сектор корхоналари, умуман, 238 та субъект ўзининг мавжуд 10 мингга яқин бўш иш ўринлари билан иштирок этди.
– Кўргазманинг асосий мақсади, ёшлар ҳамда олий ўқув юртлари битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш, ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлашишларига кўмаклашиш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашдан иборат, – дейди “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон филиали раҳбари Хуршидбек Хошимов. – Ишонаманки, кўплаб ёшларимиз яратилган ушбу имкониятдан фойдаланиб, ўзлари танлаган йўналишлар бўйича ишга жойлашадилар.
Кўргазмада вилоят касбий таълим бошқармаси тасарруфидаги 56 та техникум 216 та бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Бошқарма бўлим бошлиғи Илҳомжон Ортиқбоевнинг таъкидлашича, вилоятдаги техникумларда ўтган йили 94 та касб бўйича мутахассислар тайёрланган бўлса, янги ўқув йилидан 126 та йўналиш бўйича мутахассислар тайёрланади. Янги ўқув йилидан IT, логистика, робототехника сингари қатор янги йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилади.
– Кўргазмада 10 та бўш иш ўрни билан иштирок этяпмиз, – дейди Балиқчи туманидаги 1-сон техникум директори Жасурбек Обидов. – Асосан, турли фанлар бўйича ўқитувчиларни ишга таклиф этяпмиз. Ишга жойлашиш истагидаги кўплаб битирувчилар билан суҳбатлашдик, талаб ва таклифларимизни билдирдик. Уларнинг бир нечтаси жамоамизда ишлашга қизиқиш билдирди.
Кўргазмада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар – вилоят ички ишлар, миллий гвардия, мажбурий ижро бюроси, божхона, фавқулодда вазиятлар, мудофаа ишлари бошқармалари вакиллари мазкур тизимларга ишга жойлашишни истаган битирувчи ёшлар билан суҳбат ва мулоқотлар ўтказди.
– Тошкент Иқтисодиёт университетида сиртдан таҳсил оламан, – дейди Андижон шаҳри, Мирпўстин маҳалласида яшовчи Миржалол Шавкатов. – Ҳарбий хизматни ўтаб қайтдим, мудофаа тизимида ишлаш ниятим бор. Шу боис, кўргазмада мутасадди ва мутахассислардан ишга жойлашиш бўйича зарур тавсия ва маслаҳатлар олдим.
Шунингдек, кўргазмада “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Андижон ҳудудий филиали, “Иссиқлик таъминоти” масъулияти чекланган жамияти вакиллари ҳам ушбу тизимларда ишлаш истагидаги битирувчилар билан суҳбатлар ўтказди, ишга жойлашиш бўйича зарур маълумотлар берди.
– “Talaba Expo – 2026” касб-ҳунар ва бўш иш ўринлари кўргазмаси мен каби жуда кўп битирувчиларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишга ёрдам берди. Мен кўргазмада Қўрғонтепа тумани кадастр бўлимига ишга жойлашиш учун йўлланма олдим, – дейди Андижон давлат университети география йўналиши битирувчиси Зуҳриддин Фозилжонов.
– Мен Шаҳрихон туманидаги 3-сон техникумга ўз мутахассислигим бўйича ишга жойлашдим, – дейди Андижон давлат чет тиллари институти битирувчиси Соҳибахон Неъматжонова. – Биринчидан, ушбу техникум уйимга яқин, қолаверса, ёш мутахассис сифатида самарали ишлашим учун зарур шароитлар яратилганлигини эшитиб, хурсанд бўлдим.
Кўргазма доирасида бир гуруҳ фаол ва илғор битирувчи талабалар “Ўзмиллийбанк”нинг совғалари билан тақдирланди.
Совғаларни топширишга бағишланган тадбирда сўз олган Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари Сирожиддин Бобоқулов, “Ўзмиллийбанк” “Келажакка қадам” маркази раҳбари Элмурод Ҳошимов олий ўқув юртлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, уларнинг бизнес-ғоя ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги, “Talaba Expo – 2026” касб-ҳунар ва бўш иш ўринлари кўргазмаси эса ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилишини таъкидлади.
Шунингдек, ушбу маросимда “Ўзмиллийбанк” ва Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Келажак тадбиркорлиги” лойиҳаси доирасида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, кенгайтириш истагидаги бир гуруҳ битирувчи талабаларга имтиёзли кредит олиш учун банк ваучерлари топширилди.
– Мен ўзим яшаётган Қўрғонтепа туманида ўқув маркази ташкил этганман, - дейди Андижон давлат педагогика институти математика ва информатика йўналиши битирувчиси Раъно Тўхтасинова. – Марказ фаолиятини кенгайтириш учун тақдим этган бизнес-лойиҳам маъқулланиб, менга имтиёзли кредит ажратилганлигидан хурсандман. Мен каби тадбиркор ёшларнинг ташаббуслари қўллаб-қувватланаётганлиги учун аввало, Президентимизга, мутасаддиларга кўпдан-кўп раҳматлар айтаман.
Тақдирлаш маросимида талабалар ўртасида тадбиркорликни ривожлантиришдаги фаоллиги, “Ўзмиллийбанк” билан яқин ҳамкорлиги учун Андижон давлат педагогика институти, Андижон давлат университети ҳамда Андижон давлат тиббиёт институти раҳбариятига банк статуэтка ҳамда махсус совғалари топширилди.
“Talaba Expo – 2026” касб-ҳунар ва бўш иш ўринлари кўргазмаси кўплаб ёшлар, олий ўқув юртлари битирувчиларининг ишга жойлашишига, шунингдек, уларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш, имкониятлардан фойдаланиш ва келажакдаги фаолият йўналишларини белгилаб олишларига яқиндан ёрдам берди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари.