Конституциявий қонун моҳияти кенг тушунтирилмоқда
Мамлакатимизда давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш, давлат органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, бошқарув жараёнларида самарадорлик ва масъулиятни оширишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Давлат идораларида фаолият юритаётган ходимларнинг янги қонунчилик ҳужжатларидан хабардорлигини ошириш, уларнинг мазмун-моҳиятини тўғри англаш ва амалий фаолиятида қўллаш кўникмаларини шакллантириш муҳим вазифалардан биридир.
Шу маънода, 2026 йил 14 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тўғрисида”ги Конституциявий қонуни муҳим ҳуқуқий ҳужжатлардан бири сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Мазкур ҳужжат билан Президент Администрациясининг ҳуқуқий мақоми, асосий вазифалари ва ваколатлари, фаолиятини ташкил этиш тартиби ҳамда давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлигининг муҳим жиҳатлари белгилаб берилди.

Наманган вилоятида янги қонуннинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини давлат хизматчиларига кенг тушунтириш мақсадида адлия идоралари томонидан тизимли ҳуқуқий тарғибот тадбирлари уюштирилди. Барча шаҳар ва туманлардаги давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган давлат хизматчилари иштирокида янги Конституциявий қонун юзасидан тарғибот-тушунтириш тадбирлари ўтказилди.
Уларда вилоят адлия бошқармаси ходимлари томонидан қонуннинг асосий мазмуни, унинг давлат бошқаруви тизимидаги аҳамияти ҳамда амалиёт учун муҳим бўлган жиҳатлар батафсил тушунтирилди. Хусусан, Президент Администрациясининг давлат бошлиғи ваколатларини амалга оширишни ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлашдаги ўрни, давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритиши ва ҳамкорлигини таъминлашга кўмаклашиши ҳақида маълумотлар берилди.

Шунингдек, Президент Администрацияси раҳбари ва унинг таркибий бўлинмаларининг ваколатлари, фаолиятини ташкил этиш масалалари, давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш механизмлари ҳамда белгиланган вазифаларни амалга оширишдаги ўрни атрофлича ёритилди.
– Тарғибот тадбирларида қонуннинг фақат назарий мазмунини тушунтириш билан чекланиб қолмасдан, унинг нормаларини давлат бошқаруви жараёнларида қўллаш билан боғлиқ масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди, – деди Наманган вилояти Адлия бошқармасининг шўба бошлиғи Наима Ёдгорова. – Давлат хизматчиларига ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифа ва ваколатларни тўғри англаш, уларнинг ижросини таъминлаш, давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни самарали йўлга қўйиш, ижро интизомига риоя этиш ҳамда бошқарув жараёнларида қонунийликни таъминлаш масалалари юзасидан тушунтиришлар берилди.
Қайд этиш жоиз, учрашув ва давра суҳбатлари давомида қатнашчиларни қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан ҳуқуқий жавоблар қайтарилди. Бу эса янги Конституциявий қонун нормаларининг мазмунини янада чуқурроқ англаш ва уларни амалий фаолият билан боғлаш имконини берди.

Бинобарин, бугунги кунда давлат бошқаруви тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлиги, аввало, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий билим ва масъулиятига ҳам боғлиқ. Шу сабабли янги қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини жойларда кенг тушунтириш, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва янги нормаларни амалиётга тўғри татбиқ этишга кўмаклашиш адлия органларининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Вилоятнинг чекка ва олис манзилларига қамраб олинган ўттизга яқин тадбирлари ҳам айни шу мақсадга қаратилди.

Бундай ҳуқуқий тарғибот ишлари орқали давлат хизматчиларининг янги Конституциявий қонун ҳақидаги билимларини мустаҳкамлаш, давлат бошқарувида қонунийлик ва ҳуқуқий аниқликни таъминлаш асносида, белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш учун зарур ҳуқуқий асос ва тушунчаларни шакллантиради.
Асосийси, қонун мазмун-моҳиятининг кенг жамоатчиликка, хусусан, давлат хизматчиларига изчил етказилиши унинг амалий аҳамиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, бошқарув жараёнларида ягона ҳуқуқий ёндашувни таъминлаш ва давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири