Кўнгиллилар чўл ўртасида боғ яратмоқда
Экофаоллар саъй-ҳаракати билан қум барханлари бағрида “яшил макон” барпо этилмоқда.
Хоразм вилоятининг чўл зонаси А 380 автомобил йўлининг 450-километр ҳудудида кўнгилли фуқаролар томонидан кенг кўламли кўчат экиш ишлари амалга оширилмоқда.

Тадбиркор ташаббуси билан ҳудудда замонавий қуёш панеллари ўрнатилди. Кўчатларни мунтазам суғориш мақсадида 60 метр чуқурликдан ер ости суви чиқарилиб самарали суғориш тизими йўлга қўйилмоқда.
Мазкур хайрли ишда Ўзбекистон экологик партияси Хоразм вилояти Кенгаши, шунингдек, Урганч шаҳар, Янгибозор ва Боғот туман Кенгашлари, маҳаллий депутатлар фаол иштирок этиб, экологик муҳитни яхшилаш йўлидаги саъй-ҳаракатларга ҳисса қўшди.

– А-380 йўлидан ўтган ҳар бир йўловчи бу ерлардаги қуруқ шамол ва қум бўронларини яхши билади, – дейди Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, экологик партия Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгаши депутати Ғофуржон Эшчанов. – Ҳа, таваккалчилик, лекин бу юракдан чиққан ташаббус. Чўлни фақатгина қуруқ замин эмас, балки яшил воҳага айлантириш мумкинлигини исботламоқчи бўлган инсонларга қўшилдик. Акция давомида воҳанинг иқлим шароитига мос, ҳудудда яхши илдиз отадиган ва экологик жиҳатдан самарали бўлган кўчатлар экилди.
Бу каби амалий ишлар экологик барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбири