Кўнгилларга қувонч улашган ташаббус
Инсон қадри, айниқса, болажонларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш жамиятда меҳр-оқибат ва инсонпарварлик муҳитини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Олмалиқ шаҳрида ана шундай эзгу ташаббус амалга оширилди. “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ Ёшлар иттифоқи Кенгаши ҳамда ОКМК футбол клуби ҳамкорлигида шаҳар оилавий поликлиникасида даволанаётган болажонлар ҳолидан хабар олинди. Асосий мақсад даволаниш жараёнида бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг кўнглини кўтариш ва бир муддат бўлса-да, касаллик ташвишларидан чалғитишдан иборат бўлди.

Учрашув давомида болажонлар билан самимий мулоқот қилиниб, улар учун турли қизиқарли ва кўнгилочар дастурлар ташкил этилди. Бу эса поликлиникадаги болаларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Тадбирда ОКМК футбол клуби раҳбарияти, мураббийлар штаби ҳамда академия вакиллари иштирок этиб, болажонлар билан суҳбатлашди, уларга эзгу тилаклар билдирди. Шунингдек, болажонларга байрам совғалари топширилди. Эътибор ва самимий муносабат болаларнинг қувончига қувонч қўшди. Якунда болажонларга тезроқ соғайиб, яқинлари бағрига соғ-омон қайтишлари тилаб қолинди.

Бундай хайрли ташаббуслар нафақат болажонларга кўтаринки кайфият бағишлайди, балки жамиятда меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва ўзаро ғамхўрлик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
А.Мусаев, ЎзА