Кўҳна ва боқий Бухоро байрам оғушида
Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида Бухоро вилоятида кенг нишонланди.
Байрам тадбири истиқлол тараннум этилган бадиий-мусиқий, театрлаштирилган чиқиш билан бошланди. Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради.
Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан таклиф этилган давлат, жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари вакиллари, давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медалларига сазовор бўлган бухороликлар, меҳнат фахрийлари, ҳарбийлар, фаол ёшлар иштирокида ўтган байрам тадбирида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов барчани мустақилликнинг ўттиз икки йиллик тўйи билан муборакбод этди. Истиқлол йилларида мамлакатимизда, хусусан, вилоятда қурилиш, бунёдкорлик, саноат, қишлоқ хўжалиги, қўйингки, жамият ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилганлигини таъкидлади.
Бухороликлар ҳам мустақиллигимизнинг қутлуғ ўттиз икки йиллигини муносиб тўёналар билан қарши олмоқда. Хусусан, байрам арафасида вилоятнинг турли гўшаларида ўнлаб янги ишлаб чиқариш объектлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, таълим масканлари, замонавий ва шинам турар жойлар қуриб битказилмоқда.
Албатта, барчамизни хурсанд қиладиган бундай ўзгаришлар ўнлаб, юзлаб оилалар ҳаётига шодлик ва бахт олиб келмоқда. Ҳеч шубҳасиз, ҳаётда мана шундай қувончли воқеалар юз берганда инсоннинг қадди ҳам, қадри ҳам кўтарилади. Бундай дамларда шак-шубҳасиз, юртимиздаги ўзгариш ва янгиланишларни ўз ҳаёти мисолида ҳис қилаётган одамлар ҳақиқат ва адолат борлигига, турмушида янгиланиш рўй бераётганига ишонади. Истиқлол Ватанимизни, халқимизни эски мустабид тизим кишанларидан озод қилгани, миллий демократик давлат қуриш, барча мамлакатлар ва халқлар билан тенг бўлиб, фаровон ҳаёт барпо этиш йўлини очиб бергани билан қадрли ва мўътабардир.
Мамлакатимиз Президенти таъбири билан айтганда, “Орадан ҳали қанча йиллар, асрлар ўтади. Юртимизда янги авлодлар дунёга келади. Миллий давлатчилигимизни тиклаб, бизга тараққиёт ва фаровонликка эришиш йўлида мана шундай беқиёс имкониятларни яратиб берган истиқлолимиз —жонажон Ватанимизнинг шонли тарихида ҳамиша энг ёрқин, ўчмас саҳифа бўлиб қолади”.
Дарҳақиқат, айнан мустақиллик топталган қадриятларимизни, дину диёнатимизни, ор номусимизни тиклади. Ўзлигимизни англаш, халқимизнинг орзу-интилишларига, миллий манфаатларига жавоб берадиган келажагимизни қуриш йўлини очиб берди.
[gallery-13356]
Бу фикрнинг яққол тасдиғини биргина вилоятнинг иқтисодий, ижтимоий, маданият, туризм ва спорт ҳамда бошқа соҳаларда эришган ютуқлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Вилоятда турли жабҳаларни ўзида қамраб олган дастурлар асосида аниқ мақсадлар йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида ялпи ҳудудий маҳсулот 103,6 фоизни ташкил этди. Шунингдек, 17 триллион 300 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.
Вилоятнинг экспорт салоҳияти ошиб бораётгани, жумладан, жорий йилнинг ўтган саккиз ойида ҳудудий корхоналар томонидан хорижга 123,8 миллион АҚШ доллари қийматидаги маҳсулот экспорт қилингани ҳам катта ютуқдир.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2023 йилнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилингани муносабати билан биз учун энг устувор вазифа бўлган аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини юксалтириш бўйича катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда.
Айни кунда бутун мамлакатимизни қамраб олган йил дастури доирасида вилоятда 985 қишлоқ ҳамда 435 маҳаллада қурилиш ва ободонлаштириш ишлари жадал давом эттирилаётгани, жойлардаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари учун айни вақтга қадар умумий қиймати 4,7 триллион сўм маблағ сарфлангани бу борадаги ишлар кўламидан далолатдир.
Бухоро вилояти ҳудудидан ўтувчи умумфойдаланувдаги ҳамда ички хўжалик автомобиль йўлларида 1 триллион сўмлик қайта қуриш ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилган. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда канализация тармоқларини қуриш ва капитал реконструкция қилиш бўйича сўнгги бир йилда 48 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилгани алоҳида эътирофга згача файз бағишлади. Ватан, унга содиқлик, қандай буюк юртда умргузаронлик қилаётганимизни яна бир карра ҳис қилишга ундади.
Байрам дастури сўнгида бухоролик хонандалар, шунингдек, пойтахтдан ташриф буюрган таниқли санъаткорлар йиғилганларга байрам кайфиятини улашди. Вилоят марказидаги сўлим боғда бўлиб ўтган тантана шукуҳи қалбларга кўчди. Юртдошларимизга байрам шукуҳини ҳадя этаётган бу каби тантаналар вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари, маҳаллалари, меҳнат жамоаларида давом этмоқда.
Мушаклар эса Мустақиллик байрами осмонига турфа ранглар қўшди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА