Кўчатчилик соҳасида Ўзбекистон–Туркия ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда
Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жамшиджон Абдузухуров Туркиянинг FÜAB (Fidan Üreticileri Alt Birliği) кўчатчилик уюшмаси Бошқарув кенгаши раиси Сердар Сендаг билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Туркияда сертификатланган кўчатчилик тизимини шакллантириш ва ривожлантириш тажрибаси, уни Ўзбекистонда жорий этиш имкониятлари ҳамда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, FÜAB Туркияда кўчатчилик соҳасини мувофиқлаштирувчи етакчи ташкилот бўлиб, унинг фаолияти натижасида мамлакатда сертификатланган кўчатлар ишлаб чиқариш тизими йўлга қўйилди, замонавий ин-витро лабораториялари ҳамда вирус ва фитопатогенлардан холи оналик боғлар ташкил этилди. Бу эса соҳанинг жадал ривожланиши, кўчатлар сифати ва экспорт салоҳияти ошишига хизмат қилмоқда.

Томонлар Туркия тажрибасини мамлакатимизда татбиқ этиш орқали сертификатланган кўчатчилик тизимини такомиллаштириш, соҳада илмий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда замонавий технологияларни жорий этиш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Шунингдек, академик М.Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти мамлакатимиздаги етакчи кўчатчилик муассасаси сифатида эътироф этилди.

Учрашув якунида академик М.Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Туркиянинг ФÜАБ уюшмаси ўртасида сертификатланган кўчатчилик тизимини ривожлантириш, илмий-амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва тажриба алмашишни йўлга қўйишга қаратилган Англашув меморандуми имзоланди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА