Китобхонлик ҳафталиги бошланди
Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиалида “Китобхонлик ҳафталиги”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси масъул котиби Б.Ерназаров, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси А.Абдиев, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги республика болалар кутубхонаси директори З.Сейтниязова ва бошқалар сўзга чиқиб, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришда, она Ватани ва халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда китобхонлик маданиятининг аҳамиятига тўхталди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш, ўзбек ва дунё адабиётининг энг яхши намуналарини интернет тармоқларига жойлаштириш ва уларни тарғиб қилиш ҳамда кенг китобхонлар оммасига етказиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида” ги қарори муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.



– Ҳафталик доирасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга қаратилган қизиқарли викториналар, “Заковат” интеллектуал ўйини, “Энг яхши китобхон талаба” номинацияси бўйича танлов ўтказиш режалаштирилган, – дейди филиал матбуот котиби З.Хожамуратова. – Унинг якунида эса фаол иштирок этган талаба ёшлар муносиб тақдирланади.
Тадбир иштирокчиларига концерт дастури, саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА