Китобдин яхшироқ дўст йўқ жаҳонда
Дунё файласуфлари китобни инсоният томонидан яратилган энг зўр кашфиёт, ихтиро сифатида баҳолайди. Зеро, китоб инсонинг билим олиши, дунёни англаши, касб-ҳунар эгаллашида энг самарали восита саналади.
Унинг инсоният ҳаёти, шахс сифатида шаклланишидаги ўрни, тафаккури чархланишидаги таъсири ҳақидаги бадиий, илмий ва оммабоп асарларнинг ўзи катта бир кутубхонани ташкил этиши турган гап.
Бугунги кунда китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, уларнинг нашрини кўпайтириш давлат сиёсати даражасидаги масалага айланди Улуғ аждодларимиз ақл заковати, ўткир тафаккури билан яратилган ноёб асарлар, нафақат бизнинг, балки жаҳон аҳлининг бебаҳо бойлиги ҳисобланади.
Бугунги технология асрида гап китоб ва китоб мутолааси ҳақида кетганда, албатта: «Одамлар илгаригидек китобга қизиқмай қўйди, ҳамма телефон, телеграм, интернетга ёпишиб олган» каби фикр-мулоҳазалар юзага келади.
Ва энг ёмони – куни билан ва доим шунақа олди-қоч ҳангомалар, миш-мишлар олами билан машғул. Бирор марта шунақа гап-сўзлар вақтимни, умримни ўғирлаяпти, менга шулар зарурми? – деб ўйлаб ҳам кўрмайди.
Масаланинг иккинчи томонига қарайдиган бўлсак, ижтимоий тармоқлардаги ҳар-хил ахборот оқимини назорат қилиш тобора мураккаблашиб бормоқда. Яхши одамни «ёмон»га, айбсиз одамни «қора» қилиб кўрсатиш гўё оддий иш бўлиб қолгандек. Шахсий ҳаётини оммага кўз-кўз қилаётганлар, ўз суратларини ҳаммага намойиш этувчилар интернет тармоқларида оз эмас. Шунақа нарсаларни интернетга жойлаётган муаллифлар эса ўзларининг «мухлислари» қанча бўлганини санаш, шундан хурсанд бўлиш билан овора.
Ўқувчиларни интернет билан эмас, қандай йўл билан бўлмасин бари бир китоб деган мўъжизага ошно қилиш ҳақида қайғуришимиз лозим.

Олимлар гўдакнинг онгини ёзилмаган оппоқ қоғозга менгашади. Гўдакликдан, болаликдан унга нима сингдирилса, ана шу «оқ қоғозга» яъни тафаккурга ўша нарса муҳрланади. Боланинг дастлабки тарбиячиси, аввало ота-она, оилавий муҳитдир. Уларга энг яхши кўмакчи, энг самарали ва тўғри восита эса китоб саналади. Болага улғайишнинг энг илк қадамларидан ана шу кўмакчига ошно, дўст этиб тарбиялашга эришиш лозим.
Болага гўдаклигидан эзгулик, яхшиликни тарғиб қилувчи, тафаккурини чархлайдиган эртаклар, воқеалар, ҳикматли сўзларни сўзлаб бериш керак. Бола ўз психологиясига кўра яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги тортишувни ва албатта унда яхшилик ғолиб бўлишига қизиқади. Ёшига мос бўлган саргузаштли воқеалар ҳам қизиқарли бўлади. Шундан сўнг уларга худди шундай қизиқарли эртаклар, воқеалар мана бу китобларда бор, дея қизиқтириш керак деб ўйлайман. Бунинг учун биринчи галда, ота-онанинг ўзи китоб мутолаа қилиши зарур.
Бугунги куннинг кутубхоналарини қўриб ҳавас қиласан, кенг ёруғ хоналар, хилма-хил китоблар, компьютерлар, жиҳозлар барча-барчаси кўзни қувонтиради, ишлаш учун барча шарт-шароит етарли. Кутубхоначи ҳам ана шу даражага мос ишлашга тайёрми? Хўш бугунги кун кутубхоначиси ўзбек ва дунё адабиётининг дурдоналарини тарғиб этиш борасида билими, малакаси етишадими? Бу борада фойдаланувчиларни кутубхонага жалб эта оладими?
Кутубхоначи китоблар тахланадиган жавонлар дизайнига эътибор бериши, ўқувчиларга китобларни танлашда кўмаклаша билиши, лозим бўлганда мавзулар бўйича суҳбатлаша оладиган мутахассис бўлиши лозим. Боз устига у ўз соҳаси бўйича махсус маълумотга эга бўлса, ишда ахборот технологияларидан фойдалана билса, нур устига нур бўларди. Ундаги ташкилотчилик, ташаббускорлик эса ишдаги самарадорликни ошириши шубҳасиз.
Тўғри, кутубхонамизда талайгина муаммолар ҳам йўқ эмас. Иш жараёнимиздаги турли камчиликларни иш берувчи билан ҳал қилиб олмас эканмиз, ҳеч маҳал ўйлаган мақсадимизга ета олмаймиз. Иш берувчи ҳам мактаб кутубхонаси мактабнинг ажралмас бўлаги, ўқувчилар билимини оширишда самарали восита эканлигини англаган ҳолда, мавжуд муаммоларни мактаб эҳтиёжидан келиб чиқиб бартараф этиши лозим. Иш берувчи доимо мактаб кутубхоначисини қўллаб турмаса, уни муаммоларини битта ўзи ҳал қила олмайди.
Кутубхонадаги мавжуд бадиий адабиётлар фондини китобхонга кенгроқ тарғиб этиш ва бойитиш соҳа мутахассислари олдида турган долзарб масалалардан биридир. Хулоса қилиб айтганда, биз кутубхоначилардан фаолиятимизда янгиликлар яратиб, ташаббус кўрсатиб ишлаш талаб этилади.
Китоб инсонинг энг яқин дўсти, маслаҳатчиси. Дунёдаги барча мутафаккирлар, аҳли донишлар биринчи галда айнан китоб мутолааси, уни ўқиб ўрганиш билан юксак тафаккур эгаси даражасига эришган. Шундай экан, ҳеч қачон китоб ўқишдан тўхтаманг. Зеро, буюк мутафаккир Абдураҳмон Жомий айтганидек:
Китобдан яхшироқ дўст йўқ жаҳонда
Ғамхўринг бўлгай у ғамгин замонда.
У билан қол танҳо ҳеч бермас озор,
Жонингга юз роҳат беради такрор.
Махсуда БОБОЕВА,
Чирчиқ шаҳар 10-умумтаълим мактаби кутубхона мудири