Киевда НАТО сигнали: Рютте Украинага келди
НАТО бош котиби Марк Рютте 18 июнь куни олдиндан эълон қилинмаган ташриф билан Киевга етиб келди. Бу ҳақда дастлаб Украина темирйўл компанияси ижтимоий тармоқда хабар берган, аммо кейинчалик ушбу хабар ўчириб ташланган. Ташриф Россиянинг Украина шаҳарларига қарши сўнгги йирик ҳужумлари фонида амалга оширилмоқда.
Киевда Марк Рюттенинг Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашиши кутилмоқда. Сўнгги ҳафталарда Зеленский НАТО давлатларини мамлакат ҳаво мудофаасини кучайтиришга чақириб келкелаётган эди. Айниқса, Россиянинг баллистик ракеталарига қарши қўшимча воситалар масаласи Киев учун устувор вазифага айланган.
Украина темирйўл компанияси ташрифни Альянснинг мамлакат билан ҳамжиҳатлиги ва қўллаб-қувватлашининг муҳим рамзи сифатида баҳолаган. Расмий учрашувлар кун тартиби ҳозирча тўлиқ очиқланмаган. Шу билан бирга, музокараларда хавфсизлик, қурол-яроғ таъминоти ва ҳаво мудофааси масалалари асосий мавзу бўлиши кутилмоқда.
Ташрифдан бир неча соат олдин Украина дронлари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги энергетика ва ҳарбий объектларга зарба бергани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу шаҳарда айни пайтда йирик иқтисодий форум ўтказилмоқда. Мазкур воқеалар урушнинг ҳар икки томондаги муҳим объектларга таъсири кучайиб бораётганини кўрсатади.
Бир кун аввал Россия армияси Киев ва Днипро шаҳарларига ракета ҳамда дронлар билан ҳужум қилган эди. Украина расмийлари маълумотига кўра, ушбу зарбалар оқибатида камида 23 киши ҳалок бўлган. Бу сўнгги ҳафталардаги энг қонли ҳужумлардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА