Кичкинтойлар учун байрам туҳфаси
Болаларни илк ёшдан меҳнатсеварликка, касбларга ўргатиш уларнинг келгусида ҳаёт йўлини тўғри белгилашда муҳим аҳамият касб этади. Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги 14-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида Хитой Халқ Республикаси тажрибаси асосида “Мактабгача таълим ташкилотларида илғор хорижий тажрибалар асосида замонавий педагогик ва ахборот технологияларини жорий этиш” мавзусида пресс-тур ташкил этилди.
Мазкур пресс-тур мактабгача таълимни ривожлантиришдаги замонавий ёндашувлар, инновацион таълим технологиялари, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, кичкинтойларни ҳар томонлама ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари, ўғил-қизларнинг қизиқишлари, шахсий эҳтиёжлари, қобилиятини эрта аниқлаш ва касбга йўналтириш ишларининг ташкил этилиши ва бу борадаги истиқболларга бағишлангани билан аҳамиятли бўлди.

Айтиш керакки, Чирчиқдаги 14-сонли давлат болалар мактабгача таълим ташкилоти капитал реконструкция қилиниб, мутлақо янгича қиёфа касб этгани билан диққатга сазовордир.
Ушбу мактабгача таълим ташкилотида “Илк қадам” мактабгача таълим муассасасининг ўқув дастури билан биргаликда Хитой тажрибаси асосида таълим-тарбия жараёнлариида ўйин усулларидан кенг фойдаланиш, ватанпарварлик, жамоа билан ишлаш, болаларнинг ижодий қобилиятини ривожлантириш кўзда тутилган.

– Бу ерда болаларни касб-ҳунарга йўналтиришга оид машғулотлар робототехника, тикувчилик, пазандалик, дизайнерлик ва бошқа бир қатор замонавий касбларга ўргатиш асосида олиб борилади, - деди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бўлим бошлиғи Гулбаҳор Парпиева.– Бу эса келгусида болаларнинг касб танлашида ўзига хос аҳамият касб этиши шубҳасиз.
– Боғча бундан қирқ йиллар аввал барпо этилиб, узоқ йиллар фаолият кўрсатмаётган эди, – деди 14-мактабгача таълим ташкилоти мудираси Камола Турсунова.– Қайтадан бунёд этилган 240 ўринли ушбу боғча кичкинтойларимиз учун ўзига хос совға бўлди.

Чирчиқ шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Нодира Қурбонованинг айтишича, шаҳарда мазкур боғчадаги илғор тажрибани келгусида бошқа мактабгача таълим ташкилотларига ёйиш кўзда тутилмоқда.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда Чирчиқ шаҳрида жами 61 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритмоқда. Уларнинг 30 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 15 таси хусусий, 1 таси давлат-хусусий шериклик асосидаги боғча, 15 та оилавий мактабгача таълим ташкилотидир. Чирчиқ шаҳрида 3-7 ёшли болалар сони 9 минг 880 нафарни ташкил этиб, уларнинг 8 минг 358 нафари мактабгача таълим ташкилотларига қамралган. Бу боғчаларга қамраб олинган болаларнинг 84,6 фоизини ташкил этади.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири