Қарши шаҳридаги Ёшлар марказида вилоят ёшлар ишлари бошқармаси, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда Ўзбекистон болалар ташкилоти вилоят бўлими ҳамкорлигида “Кичик мутафаккирлар” Республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
5-7 ҳамда 8-11 синфлар ўқувчиларини қамраб олган танловнинг қуйи босқичларида вилоят бўйича 30 минг нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди. Туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган жамоалар вилоят босқичида беллашди.
Танлов ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, шунингдек, буюк мутафаккирлар Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бебаҳо ижодий меросларини кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди. Унда иштирокчилар 4 та шарт – тарихий воқеаларни жонлантириш, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг географик саёҳатларини харитага тушириш, савол-жавоблар орқали билимларини намоён этиш каби йўналишларда ўз маҳоратларини синовдан ўтказди.
Танлов якунида ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ушбу мусобақа нафақат ёшларнинг китобхонлик маданиятини оширишга, балки уларга илмий ва маданий тажриба орттириш имконини берувчи муҳим ташаббус бўлди. Шубҳасиз, бу каби танловлар ёш авлодни илм-фан сари етаклаш, уларнинг тафаккурини бойитиш ва буюк аждодларимиз меросини кенг тарғиб қилиш йўлида муҳим аҳамият касб этади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири