Кичик бизнес учун янги давр бошланмоқда
Бухоро вилоят cолиқ бошқармасида Солиқ қўмитаси раҳбарияти ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида кичик ва ўрта бизнес вакиллари учун очиқ мулоқот ташкил этилди.
Очиқ мулоқотда иштирокчиларга солиқ соҳасида жорий этилаётган муҳим янгиликлар, тадбиркорлар учун яратилаётган қўшимча қулайликлар ва амалий енгилликлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Айниқса, кичик бизнес субъектларининг фаолиятини кенгайтириш ва уларнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилувчи янгиликлар тадбиркорлар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб кичик бизнес учун умумий солиқ режимига ўтиш чегараси аввалги 1 миллиард сўмдан қарийб 5 миллиард сўмгача оширилди. Бу эса минглаб тадбиркорларга ўз фаолиятини кенгайтириш жараёнида ортиқча маъмурий юкламаларсиз ишлаш имконини беради. Шунингдек, импорт билан шуғулланувчи кичик бизнес субъектларини мажбурий тартибда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатга олиш амалиёти бекор қилинди. Бу эса ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг харажатлари ва вақт сарфини сезиларли даражада қисқартиришга хизмат қилади.
Яна бир муҳим янгилик сифатида савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш соҳалари учун ҚҚСнинг соддалаштирилган 6 фоизли тартиби жорий этилгани маълум қилинди. Ушбу механизм бизнес учун ҳисоб-китобларни соддалаштириб, фаолиятни янада шаффоф ва самарали ташкил этиш имконини яратади.
Мулоқотнинг асосий мавзуларидан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 майдаги “Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги фармони бўлди. Мазкур тарихий ҳужжат мамлакатимизда кичик бизнесни иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айлантиришга қаратилган стратегик қарор сифатида эътироф этилмоқда.
Фармон билан тадбиркорлик субъектларининг эркин фаолият юритиши, инвестицияларни жалб этиши, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириши ва янги иш ўринлари яратиши учун кенг имкониятлар эшиги очилмоқда. Энг муҳими, давлат томонидан тадбиркорларга бўлган ишонч янада мустаҳкамланиб, уларнинг фаолиятига ортиқча аралашувларни қисқартириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва бизнесни ривожлантириш учун қулай муҳит шакллантириш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Мутахассислар таъкидлаганидек, мазкур фармон нафақат солиқ юкини енгиллаштириш, балки мамлакатимизда миллионлаб аҳоли учун янги даромад манбалари, замонавий иш ўринлари ва иқтисодий фаолликни оширишга хизмат қиладиган муҳим дастурий ҳужжат ҳисобланади. Бу эса Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим устунларидан бири бўлган тадбиркорликни янада юқори босқичга олиб чиқиши, шубҳасиз.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқот давомида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олдилар, таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Бундай учрашувлар давлат органлари билан бизнес вакиллари ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларни тезкор ҳал этиш ҳамда тадбиркорлик муҳитини янада яхшилашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири