Кибержиноятчилик – чегара билмайдиган трансмиллий ҳодиса
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Тошкентда ўтказиладиган Ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича халқаро МДҲ экспертлари форуми юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди. Унда СМТИ, ИТИМ, ХМАТМ ташкилотлари, АКТ вазирлиги, Ўзкомназорат ва бошқа масъул идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Таъкидланишича, “Гибрид” форматда хорижий иштирокчиларни онлайн тарзда жалб қилган ҳолда ташкил этилаётган ахборот хавфсизлиги масалалари бўйича мулоқот Ҳамдўстлик мамлакатларининг 50 дан зиёд етакчи экспертларини жамлаши кутилмоқда. Унда нафақат халқаро ташкилотлар ва МДҲ мамлакатлари етакчи таҳлилий марказларининг вакиллари, балки тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳам қатнашади.
– Нуфузли иштирокчилар таркиби ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги сўнгги тенденцияларни муҳокама қилиш, ушбу соҳада ноқонуний ҳолатларга қарши курашишнинг мақбул усулларини ишлаб чиқишда пухта ўйланган ва мувофиқлаштирилган ёндашувни келишиб олиш имконини беради, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари Санжар Валиев.
– Жамият, давлат ва бизнес рақамлашиши суръатларини бир неча баробар тезлаштирган пандемиянинг глобал оқибатлари ҳам форумнинг долзарблигини ва ўз вақтида ўтказилаётганини тасдиқламоқда. Ўзбекистон томонидан ташкил этилаётган биринчи мазкур форум рақамлаштириш соҳасидаги сўнгги тенденциялар ва ютуқлар бўйича фикр алмашиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади. Тадбир ахборот маконида долзарб хатарларга қарши курашишдаги илғор тажрибалар билан ўртоқлашиш имконини беради.
[gallery-2881]
Дарҳақиқат, ҳозирги вақтда ахборот глобаллашувининг умумжаҳон жараёнлари ривожланиши шароитида иқтисодиётнинг муҳим тармоқларини, давлат бошқаруви тизимларини ва жамият ҳаётини таъминлашда рўй бераётган кенг миқёсли рақамлаштириш, ахборот хавфсизлиги муаммолари кўплаб давлатлар учун долзарб бўлиб бормоқда.
Рақамли технологияларнинг жадал ривожланиб, ҳаётнинг барча соҳаларига кириб бораётгани бир қанча афзалликлар туғдираётгани билан бирга, янги ахборот-коммуникация технологияларини муҳим инфратузилма объектларига зарар етказиш учун суиистеъмол қилиш хавфи ҳам ортиб бормоқда.
Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йилда хакерлик ҳужумлари туфайли жаҳон иқтисодиёти триллион доллардан зиёд зарар кўрди. Бу икки йил олдинги кўрсаткичдан эллик фоизга кўпдир. Ушбу даврда кибержиноятчилар фаолиятидан етказилган зарарнинг умумий миқдори жаҳон ялпи ички маҳсулотининг бир фоизини ташкил этди.
Бу салбий ҳолат мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Ўзбекистон Республикаси Киберхавфсизлик марказининг маълумотларига кўра, 2020 йилда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари веб-сайтларига нисбатан содир этилган ҳужумлар сонининг 144 фоизга ўсиши ҳолати кузатилди.
– Кибержиноятчилик бугунги кунда чегара билмайдиган трансмиллий ҳодисага айланди, – дейди Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази бўлим бошлиғи Мурод Узоқов. – Унга қарши курашни фақат умумий ҳаракатлар орқали, биргаликда амалга ошириш мумкин. Шу муносабат билан замонавий киберхавфсизлик таҳдидлари ва ҳодисаларига нисбатан чора кўриш, ҳодисаларни тергов қилиш ва жиноятчиларни аниқлаш бўйича кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш зарур.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон АКТ ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдори бўлиб, халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича яқин кунларда ўтказиладиган халқаро МДҲ экспертлари форуми мамлакатимизнинг хорижий шериклар билан рақамлаштириш ва кибер таҳдидларга қарши курашиш соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни самарадорлигини оширишга ёрдам беради.
Моҳигул ҚОСИМОВА, ЎзА