Киберхавфсизлик иқтисодий барқарорлик ва жамият ҳимояси билан бевосита боғлиқ стратегик йўналиш сифатида белгиланди
Янги фармон
Бугунги кунда давлат бошқаруви, молия тизими, таълим, соғлиқни сақлаш ва ҳатто кундалик маиший хизматлар ҳам рақамли платформаларга кўчмоқда. Бу эса, ўз навбатида, киберхавфсизлик масаласини долзарб даражага кўтарaди.
Маълумотларга кўра, кибержиноятлар сони аввал 18 тур билан содир этилган бўлса, бугунга келиб 62 турга етган. Сўнгги беш йил ичида кибержиноятлар сони 68 баробар ошган. Бу жиноятларнинг асосий қисми, деярли 98 фоизини банк карталари билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари ташкил этмоқда.
Мамлакатимизда кибержиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда унинг юзага келишига сабаб бўлувчи омиллар хусусида Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази директори ўринбосари Жаҳонгир Сағдуллаевнинг фикрларига қизиқдик.
– Сўнгги йилларда кибержиноятчилик кўлами кескин кенгайиб бормоқда, – дея фикрини бошлади Жаҳонгир Сағдуллаев. – Аввало, глобал тармоқдан фойдаланаётган ҳар бир шахс киберхавфсизлик масалаларида алоҳида кўникмага эга бўлиши лозим. Бу глобаллашув билан боғлиқ жараён. Дарҳақиқат, сохта ҳаволалар орқали маълумот ўғирлаш, зарарли дастурлар тарқатиш, ижтимоий тармоқларда ёлғон саҳифалар очиш орқали фуқароларга зиён етказиш усуллари кўпаймоқда.
Оқибатда шахсий ва молиявий маълумотлар қўлга киритилиб, ачинарли вазиятлар юзага келмоқда. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда мазкур йўналишда ҳам муҳим вазифалар белгиланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йилнинг 10 март куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг киберхавфсизлик стратегиясини белгилаш ва кибержиноятчиликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони айни йўналишда муҳим дастур вазифасини бажаради.
Мазкур фармон билан киберхавфсизлик оддий техник масала эмас, балки миллий хавфсизлик, иқтисодий барқарорлик ва жамият ҳимояси билан бевосита боғлиқ стратегик йўналиш сифатида белгиланди. Энг муҳим жиҳати, киберхавфсизликни таъминлашда комплекс ёндашув устувор этиб белгиланиб, унда технология, қонунчилик, инсон омили ва халқаро ҳамкорлик ўзаро узвий боғлиқ ҳолда ривожлантирилмоқда.
Хусусан, миллий киберхавфсизлик тизимини ривожлантириш орқали давлат органлари ва муҳим инфратузилмани кибертаҳдидлардан ҳимоя қилиш, тизимлар барқарорлигини таъминлаш кўзда тутилган. Шу билан бирга, киберхавфларни камайтириш мақсадида таҳдидларни эрта аниқлаш, уларга тезкор жавоб бериш ҳамда самарали ахборот алмашиш механизмларини йўлга қўйиш муҳим вазифалардан бири этиб белгиланди.
Фармонда кибержиноятчиликка қарши курашни кучайтириш, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар салоҳиятини ошириш ва рақамли криминалистикани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Замонавий технологияларни кенг жорий этиш, хусусан, рақамли идентификация тизимларини такомиллаштириш ҳамда сунъий интеллект асосидаги хавфсизлик ечимларини қўллаш ҳам устувор йўналишлар қаторидан ўрин олган.
Бундан ташқари, маълумотларни ҳимоя қилишга қаратилган қонунчилик базасини мустаҳкамлаш, киберхавфсизлик стандартларини жорий этиш ва хусусий сектор масъулиятини ошириш назарда тутилган.
Шунингдек, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, аҳоли ва кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда киберхавфсизлик маданиятини шакллантириш ҳам ҳужжатда устувор вазифа этиб белгиланди.
– Маълумки, киберхавфсизликни таъминлашда аввало давлат органларининг саъй-ҳаракатлари муҳим. Лекин фуқаролардан бу борада нималар талаб қилинади?
– Сўнгги вақтларда аҳоли орасида учраётган кибержиноят ҳолатлари таҳлил қилинганда, уларнинг аксарияти оддий эҳтиётсизлик ёки ахборот хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик оқибатида содир бўлаётгани кузатилмоқда. Хусусан, фирибгарлар томонидан юборилаётган сохта ҳаволалар орқали банк карта маълумотларини қўлга киритиш, ижтимоий тармоқлардаги ёлғон саҳифалар орқали алдаш каби ҳолатлар кўпайган.
Шу ўринда айтиш лозимки, киберхавфсизликни таъминлашда фақат давлат органларининг саъй-ҳаракатлари етарли эмас. Бу жараёнда ҳар бир фуқаро фаол иштирок этиши, ўз шахсий маълумотларини ҳимоя қилишга масъулият билан ёндашиши талаб этилади.
Шу нуқтаи назардан, фуқаролар томонидан оддий, бироқ самарали киберхавфсизлик қоидаларига риоя этиш муҳим аҳамиятга эга. Жумладан, шубҳали ҳаволалар ва номаълум манбалардан келган хабарларни очмаслик, банк картаси маълумотлари, SMS-кодлар ҳамда паролларни ҳеч кимга ошкор этмаслик талаб этилади.
Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларга ўта шахсий маълумотларни жойлаштирмаслик, аккаунтларни қўшимча ҳимоя воситалари билан таъминлаш, хусусан, икки босқичли тасдиқлаш (2FA) тизимларидан фойдаланиш орқали хавф-хатарларни сезиларли даражада камайтириш мумкин.
Дунё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, киберхавфсизликни таъминлашда инновацион ёндашувлар, жумладан, сунъий интеллект, “катта маълумотлар” (big data) таҳлили ва автоматлаштирилган мониторинг тизимлари муҳим. Кўплаб давлатларда бу технологиялар орқали кибертаҳдидлар эрта босқичда аниқланиб, уларга нисбатан тезкор чоралар кўрилмоқда.
Мамлакатимизда ҳам мазкур йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва замонавий технологияларни жорий этиш орқали миллий киберхавфсизлик тизими босқичма-босқич мустаҳкамланмоқда. Бу, ўз навбатида, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, рақамлашув жараёнлари шиддат билан кечаётган бугунги кунда киберхавфсизлик масаласига бепарво қараш жиддий оқибатларга олиб келади. Шу боис, ҳар бир фуқаро ахборот хавфсизлиги қоидаларига амал қилиши, рақамли маданиятини ошириши ва интернетдан онгли фойдаланиши бугунги куннинг долзарб талабига айланмоқда.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА, ЎзА