Муносабат

18 август куни давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда фаолият кўрсатиб келаётган тадбиркорлар билан навбатдаги очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Ушбу мулоқот арафасида тадбиркорлардан 6 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Улар кўтарган асосий масалалар – кредит ва молиявий ёрдамни кенгайтириш (жами мурожаатларнинг 26 фоизи), бизнесни жой ва инфратузилма билан таъминлаш (21 фоиз), солиқ тизимини соддалаштириш (10 фоиз), текширишлар ва ортиқча бюрократияни кескин қисқартириш (8 фоиз) билан боғлиқ.
Ушбу мурожаатлар кўламидан ҳам кўриш мумкинки, ананавий тарзда ўтказиб келинаётган бундай очиқ мулоқотлар нафақат юртимизда тадбиркорлик муҳити яхшиланишига, шу билан бирга, тадбиркорларнинг ўз иш фаолиятига бўлган ёндашуви ўзгаришига ҳам сабаб бўлмоқда. Жумладан, олдинги очиқ мулоқотларга тайёргарлик давомида кўтарилган масалаларнинг 80 фоизи индивидуал хусусиятга эга бўлган бўлса, бу сафар 70 фоиз тадбиркорларимиз тизимли муаммоларни ўз тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда ечимлари билан таклиф қилишмоқда.
Учрашув давомида тадбиркорлар томонидан билдирилган мурожаатлар ечимига қартилган бир қатор таклифлар илгари сурилди. Хусусан, Президент янги бозорларга сифатли ва рақобатбардош маҳсулот билан кириш масаласига тўхталиб ўтди. Жумладан, маҳсулотлар ташқи бозорларда сифатли, талабгорлиги юқори ва рақобатбардош бўлиши учун ишлаб чиқаришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиб, кескин ўсиш қилиш зарурлиги таъкидланди.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, сўнгги йилларда халқаро майдондаги вазият ҳисобига логистика харажатлари 3-4 баравар ошиб кетганини ҳисобга олиб, давлат экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш борасида қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Ушбу ишлар изчил давом эттирилиб, логистика харажатларини компенсация қилишга қўшимча 100 миллион доллар йўналтирилади. Шунингдек, маҳсулотларни хорижда сертификатлаш, халқаро стандартларни жорий қилиш ва бу борада мутахассис тайёрлашга яна 25 миллион доллар ажратилади.
Президент экспортни кенгайтириш бўйича яна бир катта имконият – бу нуфузли хорижий брендларни мамлакатимизга жалб қилиш эканини таъкидлади. Чунки бунинг учун бизда асос ва имконият етарли. Сабаби, йиллик бозори 100 миллиард доллардан ошадиган дунёнинг энг машҳур 50 та бренди корхоналаримиз билан ишлашга катта қизиқиш билдирмоқда. Хусусан, Испания, Германия, Польша, Туркиянинг йирик брендлари билан музокаралар ўтказилган. Улар маҳаллий корхоналаримизга 3 миллиард долларлик буюртма беришга ҳозирнинг ўзида тайёр эканликларини билдирган.
Бунинг учун эса, 3 та энг катта масала ҳал қилинади. Жумладан, ишлаб чиқаришга халқаро стандартлар, экология ва сертификатлаш талаблари жорий қилинади. Маҳаллий корхоналардаги ишчиларга муносиб меҳнат шароитлари яратиб берилади. Брендларнинг маҳсулотларини олиб кириш ва экспорт қилиш учун қулай божхона режими жорий қилинади. Йирик брендларни жалб қилган корхоналарга 50 миллион сўмдан грант ажратилади.
Шунингдек, мулоқот давомида Президентимиз юқори даромадли корхоналарни кўпайтириш мақсадида яна бир ташаббусни илгари сурди. Халқаро консультантларни жалб қилган ҳолда электротехника, тўқимачилик, чарм-пойабзал, заргарлик, қурилиш материаллари, мебелсозлик, полимер, кимё ва озиқ-овқат саноати бўйича 140 та тайёр лойиҳа ишлаб чиқилди.
Мазкур 140 та лойиҳа электрон платформага қўйилиб, тадбиркорларга очиқ-ошкора шартлар асосида таклиф қилинмоқда. Давлатимиз раҳбари тадбиркорларни ушбу дастурда иштирок этишга чақирди. Дастурга кирган корхоналарга Саноатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 10 йил муддатга паст фоизли кредитлар ажратилади.
Мамлакатимизда тадбиркорлик жадал ривожланишида содда солиқ маъмурчилиги ва бюрократиясиз қулай муҳит яратиш борасида қилинаётган ишлар ҳам муҳим саналади. Жумладан, бу соҳадаги ислоҳотларимиз тадбиркорларга солиқ юкини кўпайтириш эмас, балки уларни қўллаб-қувватлаш орқали солиқ базасини кенгайтириш ҳисобига бюджетга тушумларни ошириш йўлидан бормоқда. Ўтказилган сўровларда 62 фоиз тадбиркорлар солиқ соҳасидаги ислоҳотларни ижобий баҳолаган.
Аммо тан олиб айтиш керакки, гуруч курмаксиз бўлмагани каби, соҳда бугунги ислоҳотларни тўғри англаб етмаган кадрларнинг фаолият кўрсатиши айрим ҳолатларда тадбиркорларимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Буни мураккаб солиқ маъмурчилиги, бизнесга ортиқча аралашиш ва тизимдаги коррупция ҳолатлари мисолида ҳам кўриш мумкин.
Шу боис, учрашувда солиқ тизими тубдан ислоҳ қилиниб, солиқ идоралари ходимларининг ёндашувлари бутунлай ўзгартирилиши таъкидланди. Мисол учун ҳозирги тадбиркорларни хавф гуруҳига киритиш тизими ёпиқ бўлиб, интизомли солиқ тўловчилар ҳам қайсидир ҳамкори қачонлардир хато қилган бўлса, унинг учун ҳам жавоб бермоқда. Ўтказилган сўровларда қўшилган қиймат солиғи тўловчиларнинг 70 фоизи ушбу солиқни қайтаришда солиқ узилиши коэффициентини қўллаш, яъни “tax gap” тизими адолатсиз эканини билдирган.
Солиқ тизимидаги коррупция билан боғлиқ шикоятлар ҳаддан ташқари кўпайиб кетгани ҳам айнан “tax gap” билан боғлиқ эканлиги айтилган. Шу боис, 1 октябрдан бошлаб, қўшилган қиймат солиғини қайтаришда солиқ узилиши коэффициентини қўллаш амалиёти, яъни “tax gap” тизими бекор қилинади.
Шу билан бирга, Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман соҳа вакиллари билан бирга тадбиркорларнинг очиқ-ошкора рейтингини жорий қилади. Бунда, келгуси йил 1 январдан бошлаб рейтинги юқори корхоналар барча турдаги солиқ текширувларидан озод қилинади. Уларга қўшилган қиймат солиғининг ортиқча қисми бир кунда қайтариб берилади ва қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномасини вақтинчалик тўхтатиб туриш амалиёти бекор қилинади.
Шунингдек, алоҳида очиқ-ошкора платформа яратилиб, солиқчилар кўрсатган хизматлар сифатига тадбиркорларнинг ўзи баҳо берадиган тизим йўлга қўйилади. Тадбиркорнинг солиқ идоралари билан бўладиган барча низолари маъмурий суд ваколатига ўтказилиб, тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри судга шикоят қилишидаги ҳар қандай чекловлар олиб ташланади.
Солиқ бўйича тадбиркорларга нисбатан даъво киритиш муддати ҳозирги 5 йилдан 3 йилга туширилади. Бундан ташқари, солиқ ёки кредит қарзини ундириш бўйича суд қарори чиқарилганда, пеня ва фоизлар ҳисоблаш тўхтатилади.
Хулоса қилиб айтганда, яратиб берилган имкониятлардан самарали фойдаланган ҳар бир тадбиркор мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ўз ўрнига эга бўлади.
Олтиной МАМИРОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
ЎзА