“Келажакка қадам”: амалий ифода ва ишончли истиқбол йўли
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида “Келажакка қадам” дастури доирасида битирувчи ёшлар билан учрашув ташкил этилди.
Тадбирда филиал раҳбарияти билан бир қаторда Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, “Ўзмиллийбанк”, “Алоқабанк” ҳамда “Микрокредитбанк” ҳудудий филиаллари мутасаддилари иштирок этди.
Учрашувда бугунги тараққиёт босқичида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш ва мустақил ҳаётга тайёрлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланганини алоҳида таъкидланди. Бу борада олий таълим муассасалари зиммасига ҳам катта масъулият юкланаётгани қайд этилди.
Филиалда жорий йилда 205 нафар битирувчи катта ҳаёт сари йўл олмоқда. Уларнинг 113 нафари бакалавр, 21 нафари магистратура босқичи битирувчиси, 71 нафари сиртқи таълим шаклида таҳсил олган ёшлар ҳисобланади.
Мулоқот давомида мутахассислар томонидан “Келажакка қадам” дастурининг мазмун-моҳияти кенг ёритилди. Таъкидланганидек, мазкур дастур ёшларни қўллаб-қувватлашнинг янги босқичини бошлаб бериб, уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, ташаббусларини рағбатлантириш ва реал даромад манбаларини яратишга хизмат қилмоқда. Айниқса, молиявий кўмак, имтиёзли кредитлар ва амалий маслаҳатлар тизими ёшлар учун кенг имкониятлар эшигини очмоқда.
Дастур доирасида илгари сурилаётган ташаббуслар мазмунан узвий ва босқичма-босқич ривожланишга асосланган. Унда ёшларни тадбиркорликка илк бор жалб этиш, ўз бизнесини шакллантириш, фаолиятини кенгайтириш, инвестицияларни йўналтириш ҳамда дастлабки касбий кўникмаларни мустаҳкамлаш каби жараёнлар ягона тизим асосида уйғунлаштирилган.
Бу ёндашув ёшларнинг ғоясини амалий натижага айлантириш, уларни мустақил иқтисодий субъект сифатида шакллантиришга хизмат қилмоқда. Жумладан, “Келажакка қадам” дастури эса ушбу сиёсатнинг амалий ифодаси сифатида ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, “Келажакка қадам” дастури бугунги ёшлар учун муҳим ижтимоий ташаббус бўлиб, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, жамиятда фаол позицияни эгаллаши ва мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшишида мустаҳкам таянч вазифасини ўтамоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА