Келажак мактабдан бошланади
Таълим ҳақида гап кетганда, кўз олдимизга аввало мактаб, синфхона, устоз ва ўқувчи келади. Аммо бугунги мактабнинг вазифаси фақат билим бериш билан чекланмайди. У боланинг қобилияти намоён бўладиган, қизиқиши қўллаб-қувватланадиган, мустақил фикрлаши ва ҳаётда ўз ўрнини топиши учун зарур кўникмалар шаклланадиган муҳим масканга айланмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 30 сентябрда Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида “Янги Ўзбекистон” университетида устоз ва мураббийлар билан учрашувида ҳам таълимни ривожлантириш Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг энг муҳим бўғини экани таъкидланди. Кейинги ўн йилда 1 миллион 800 минг ўринли боғчалар ва 1,5 миллион ўринли мактаблар барпо этилгани, 10 мингдан зиёд таълим муассасаси замонавий кўринишга келтирилгани қайд этилар экан, энди асосий эътибор таълим мазмуни ва сифатига қаратилиши зарурлиги айтилди.
Жиззах вилоятида мактабгача ва мактаб таълими тизимида амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳам ана шу мақсадга хизмат қилмоқда. Бу жараённи фақат янги бинолар, таъмирланган мактаблар ёки статистик кўрсаткичлар билан баҳолаб бўлмайди. Муҳими, таълим мазмуни янгиланиб, боланинг бугунги эҳтиёжи билан эртанги ҳаёти ўртасида узвий боғлиқлик яратилаётганида.
Айниқса, ёшларни касбга йўналтириш борасидаги ишлар бугунги таълимнинг мазмунан ўзгараётганини кўрсатади. 2025-2026 ўқув йилида вилоятдаги 20 та мактабда ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитиш тизими жорий этилиб, 11-синфда таҳсил олган 914 нафар ўқувчи танлов асосида ишчи касблар ҳамда ахборот технологиялари йўналишларига ўқитилди. Мазкур мактабларда касбий таълим устаси лавозими ҳам жорий этилди. Ўқув йили якунида 397 нафар битирувчига электрон касбий сертификат берилди.

Бу йўналишнинг аҳамияти Президент учрашувида билдирилган фикрларда ҳам яққол кўринди. Давлат раҳбари мактаб битирувчиси катта ҳаётга касб ва хорижий тилни эгаллаб чиқиши зарурлигини таъкидлади. Ёшларни мактабданоқ касбга тайёрлаш, таълим босқичлари ўртасидаги узвийликни таъминлаш бўйича янги ечимлар ишлаб чиқиш, мактаб директорларига бу борада қўшимча ваколатлар бериш ва тадбиркорлар билан ҳамкорликни кенгайтириш вазифалари белгиланди.
Зеро, бугун мактаб битирувчисидан фақат “Қандай баҳо олдинг?” деб сўрашнинг ўзи кифоя эмас. “Нимани биласан?”, “Нимани қила оласан?”, “Қайси касбга қизиқасан?” деган саволлар ҳам муҳим. Чунки таълимнинг ҳақиқий самараси билимнинг ўзида эмас, уни ҳаётда қўллай олишда ҳам намоён бўлади.
Шу нуқтаи назардан, касбга йўналтириш ишлари боланинг илк таълим босқичларидан бошланиши муҳим аҳамият касб этади. Янги 2026-2027 ўқув йилидан мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларида узлуксиз касбга йўналтириш дастурлари амалиётга жорий этилади.
Беш ёшдан бошлаб болалар “Атрофимиздаги касблар” дастури асосида ўйинлар орқали турли касблар билан танишади. Бошланғич синфларда “Касблар алифбоси”, 5-6-синфларда “Касблар олами”, 7-9-синфларда эса “Менинг келажакдаги касбим” дастурлари орқали меҳнат ва касблар ҳақида тушунча берилиб, қизиқиш, қобилият ва иқтидорни аниқлашга эътибор қаратилади.

Бу ёндашувнинг аҳамияти шундаки, касб танлаш болаликдан шаклланган қизиқиш ва қобилиятга таянади. Яъни бугунги қизиқиш эртанги мақсадга айланиши учун унга ўз вақтида йўл кўрсатилади.
Жиззах вилоятида 2023-2026 йилларда мактаб ва мактабгача таълим объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларига 654 миллиард 979 миллион 300 минг сўм маблағ йўналтирилиб, 180 та объектда, жумладан, 160 та мактаб ва 20 та мактабгача таълим ташкилотида ишлар амалга оширилди.

2023 йилда 11 та умумтаълим мактабидаги ишлар натижасида 2 минг 670 та ўқувчи ўрни яратилган бўлса, 2024-2025 ўқув йилида 26 та мактабда 5 минг 160 та ўқувчи ўрнига шароит яратилди. 2025-2026 ўқув йилида 19 та мактабда 3 минг 902 та, 2026-2027 ўқув йилида эса 15 та мактабда 4 минг 579 та ўқувчи ўрни яратишга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.
Мактабгача таълимда ҳам изчиллик бор. 2023 ва 2024 йилларда бештадан, 2025 йилда бешта, 2026 йилда эса яна бешта мактабгача таълим ташкилотида қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилиб, жами 1290 та бола ўрни яратилди.
Янги бино ёки реконструкциянинг аҳамиятини ҳам шундан излаш керак: бу оддий қурилиш эмас, балки боланинг таълим олиши учун янги имконият яратишдир.
Албатта, таълим сифати девор ва жиҳоз билан белгиланмайди. Энг замонавий синфхонада ҳам сифатли дарснинг асосий таянчи – устоз.

Президент Шавкат Мирзиёев учрашувда бу ҳақда: “Ўқитувчи – меҳр дарёси, ўқитувчи – эзгулик булоғи, ўқитувчи – маърифат қуёши!” дея таъкидлади. Сунъий интеллект билим олиш ва меҳнат қилиш усулларини ўзгартираётган бир пайтда ҳам ҳеч бир технология боланинг қалбига устоз каби йўл топиб, унга Ватанга муҳаббат ва масъулият туйғусини сингдира олмаслиги қайд этилди.
Шу боис педагог салоҳиятини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Умумтаълим мактабларида олий маълумотли ўқитувчилар улуши 2 фоизга оширилди, олий ва биринчи малака тоифасига эга педагоглар улуши эса 34 фоизга етказилди.
Республика миқёсида халқаро ва миллий сертификатга эга ўқитувчилар сони беш йилда 29 мингдан 143 мингга ошган, мактабларда ўқитувчи етишмаслиги уч баробар камайган. 40 минг муаллим 1 минг доллардан, яна 1,5 минг нафари 2 минг доллардан юқори маош олмоқда. Миллий сертификатга эга ўқитувчиларга 50 фоиз устама тўлаш, ҳар йили 208 та туман ва шаҳардаги етакчи муаллимларни рағбатлантириш, минг нафар педагогни хорижда стажировкага юбориш каби вазифалар белгиланди.

Дарс жараёнидаги янгиланишлар ҳам шу мақсадга хизмат қилмоқда. 2025-2026 ўқув йилида 164 та мактабда янги баҳолаш тизими жорий этилди. Янги ўқув йилидан бу тизим қўлланиладиган мактаблар сони 314 тага етказилади. Мактаблар фаолиятини баҳолаш учун “сифат индекси” жорий этилиши, педагогларнинг касбий ривожланиши учун ваучер тизимига ўтиш ҳам таълим натижасига янгича ёндашувни англатади.
Таълимда халқаро тажрибага таяниш ҳам кучаймоқда. Ўтган ўқув йили вилоятда 60 нафар хорижий мутахассис таълим жараёнига жалб этилган бўлса, бошланган мазкур янги ўқув йилидан уларнинг сонини 100 нафарга етказиш режалаштирилган. Иқтисодиётнинг технологик ривожи учун математика, физика, кимё ва биологияни чуқур ўқитишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Янги ўқув йилидан 100 та мактабда математика, информатика ва табиий фанларнинг айрим синфларда тўлиқ инглиз тилида ўқитилиши режалаштирилган.
Ислоҳотларнинг энг муҳим мезони натижа. Жиззах вилоятида олий таълим муассасаларига киришнинг ўртача бали 92 баллни ташкил этиб, аввалги даврга нисбатан 20,2 баллга ошди. Давлат олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи бўйича сўнгги уч йилда 6,1 фоиз ўсиш қайд этилди. Вилоят кетма-кет иккинчи йил ушбу кўрсаткич бўйича республикада учинчи ўринда қайд этилди.
Бу натижаларни биргина рақам билан изоҳлаб бўлмайди. Унда ўқитувчининг меҳнати, ўқувчининг интилиши, ота-онанинг эътибори ва таълим муҳитининг ўрни бор.
Шу билан бирга, барча ўқувчининг қизиқиши бир хил эмас. Кимдир академик билимни танласа, яна кимдир амалий касбга интилади. Шунинг учун таълим йўлларининг хилма-хиллиги ҳам муҳим. 2026 йилда вилоятдаги хусусий мактаблар сони 18 тага етказилди. Республика миқёсида эса ўқув ўринларига талаб юқори бўлган 52 та туманда хусусий мактаблар ташкил этиш учун имтиёзли кредит ва субсидия ажратиш, бўш турган давлат биноларини хусусий мактабларга ўн йилга бепул ижарага бериш чоралари белгиланмоқда.

Алоҳида эҳтиёжга эга болалар учун ҳам таълим имкониятларини кенгайтириш муҳим вазифага айланмоқда. Икки йилда инклюзив шароит яратилган мактаблар сони қарийб беш баробарга ошиб, 3 минг 591 тага етди. Тошкентда иш бошлаган кўп функционал инклюзив ресурс мактаби тажрибасини йил охиригача Хоразм, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида, келгуси икки йилда эса барча ҳудудларда жорий этиш режалаштирилган.
Бугунги ўқувчи орасида эртанги устоз бор. Унинг педагогикага қизиқишини мактаб давридаёқ қўллаб-қувватлаш таълим тизими учун келгуси кадрлар захирасини шакллантиришга хизмат қилади. Шу маънода, таълимнинг барча бўғинларидаги илғор педагоглар учун Абдулла Авлоний номидаги алоҳида давлат мукофотини таъсис этиш таклифи устоз меҳнатига юксак эътиборнинг яна бир ифодасидир.

Энг муҳими, бу жараёнларнинг марказида бола турибди. Унинг қизиқишини англаши, қобилиятини намоён этиши, билим олиши, касб танлаши ва мустақил ҳаётга тайёргарлик кўриши учун таълимнинг ҳар бир босқичида янги имкониятлар яратилмоқда.
Зеро, Президент таъкидлаганидек, “Устозни эъзозлаш бир касб эгасини эмас, бутун бир миллат келажагини эъзозлаш деганидир”. Бу фикр таълимдаги бугунги ислоҳотларнинг мазмунини ҳам ифодалайди. Чунки мактабда яратилган ҳар бир шароит, берилган ҳар бир билим, қўллаб-қувватланган ҳар бир қобилият эртанги жамиятнинг инсон капиталини бойитади.
Шу боис таълимдаги янгиланишларнинг асл қиймати фақат қурилган бино ёки эришилган рақамларда эмас. Уларнинг ҳақиқий мазмуни ҳар бир болага ўз қобилиятини рўёбга чиқариш, ўз йўлини топиш ва жамиятда муносиб ўрин эгаллаш имконини беришдадир.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири