Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
КАТТА ҚИРҒИН: Германиядан қайтгач отилган ўзбеклар ёхуд дунёга танилган Туркистон ёшлари тақдири

Бугун бошқа мамлакатда яшаш истаги баъзи ёшларнинг орзусига айланмоқда.

Кўплаб илмли ватандошларимиз дунёнинг турли бурчакларида муҳим соҳалар ривожига ҳисса қўшяпти. Тарихда ўхшашликлар кўп: ХХаср бошларида ҳам бир гуруҳ ўзбек ёшлари Европа сари йўл олганди. Аммо, улар бошқа бир давлатда қўним топиш орзусидан фарқли, минтақамизнинг иқтисодий-ижтимоий, илмий-маданий тараққиёти учун бу йўлга қадам босишади!

XX аср 20 йилларнинг сўнгида Туркистон ёшлари Германияда энг муҳим соҳалар бўйича таҳсилни тамомлаб, мураккаб ва таҳликали бир пайтда ватанга қайтиб келди. Улар дунё илм-фани ва ривожланган давлатлар тарихидан хабардор бўлгани баробарида, улуғ Туркистонни барпо этишдай катта мақсад теграсида бирлашди. Бироқ, мустабид Шўро ҳукумати ҳур фикр, тараққийпарварлик ғоялари билан суғорилган ва ўз даврида «катта куч» деб тан олинган бу ёшларни кўп ўтмай қатағон қиличидан ўтказди...

ЎзА ўтган сонларда қатағонга учраган ўзбек аёллари билан таништирган бўлса, энди Европадан қайтгач йўқ қилинган юртдошларимиз қисматидан воқиф қилади. Мазкур мақолада Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи катта илмий ходими Баҳром ИРЗАЕВ Туркистон ёш жадидчиларидан, Германияда ўқиган ёш шифокор Баҳоуддин Аминжонов ҳақида ҳикоя қилган:

1922 йилнинг кузида Германияга таҳсил олиш учун Бухоро Халқ Совет Республикаси (БХСР) томонидан йўлланган 55 талаба орасида Баҳовуддин Аминжонов ҳам бор эди.

Баҳовуддин Аминжонов Ўрта Осиёда силга қарши курашган шифокор сифатида тарихдан ўрин олган. Унинг қисқа ҳаётида амалга оширган ишлари ҳаётга ташна, ёш Туркистон фарзандининг нечоғлик ватан олдида ўзини даҳлдор сезишини исботлайди.

У аввал жадид мактабида савод чиқаради, кейин мадраса таълимини олиб форс, араб тилларини мукаммал эгаллайди. 1922 йилнинг кузида отаси Баҳовуддинни Германияга таҳсил олишга жўнатади. 

Бухоро ҳукумати томонидан Германияга йўлланган талабалар учун масъул этиб тайинланган Олимжон Идрисийнинг маълумотига кўра, табиатан нозик Баҳовуддин Германияда бир қанча вақт даволанишга мажбур бўлган.

Ўзи билан борган ўқувчилар ўртасида эса ўта иқтидорлилиги билан ажралиб турган.

У хусусий ўрта мактабда, шундан сўнг тиббиёт соҳасида таълим олишга киришди ва Берлин университетининг тиббиёт факультетида ўқишни давом эттирган ҳам.

Баҳовуддин ватандаги оғир иқтисодий-ижтимоий аҳволдан яхши хабардор бўлган. Ҳудудда сил касаллиги авж олган, Совет давлатида бу касалликка қарши қарши кураш учун пул ҳам, тиббий хизмат ҳам мавжуд эмасди.

ЎРТА ОСИЁДА СИЛГА ҚАРШИ КУРАШГАН ШИФОКОР

Баҳовуддин Туркистон матбуоти орқали сил касаллигига қарши курашди. У «Ер юзи» журналидаги чиқишларида тиббий саломатликни тиклаш, турли ҳавфли касалликларни олдини олиш ҳақида мақолалар эълон қилиб турган. Ўшанда минтақада замонавий тиббиёт илми ривожланмаганди. Шундай вақтда, Баҳоуддиннинг одамлар учун зарур тиббий маълумотларни етказиб туриши катта янгилик эди. У мақолаларида инсон соғлиғи учун энг зарур ва энг камхарж йўл сифатида жисмоний тарбия билан шуғулланиш кераклигини айтади.

у ўз мақоласида қуйидаги амалий тавсияларни беради: «Тан ҳаракатларининг бизга тегадургон фойдаларидан бири ва муҳими инсоннинг нафас олиш аппаратига, умуман нафас олишға ва қон юришига бўлғон таъсиридир. Биз тан ҳаракатлари қилиб, аъзоларимизни ишлаттирганимизда уларга кўпроқ ҳаво, тўғрироқ айтганда ҳавонинг бешдан бир бўлаги бўлган «муваллид ул-ҳамуза» (кислород) ғози (гази) керак бўладир ва буни эса биз ўпкамиз орқали оламиз. Биз қанча кўп тан ҳаракати, испурт қилсак, шунча кўп нафас оламиз. Бу эса бизнинг фойдамиздир. Биз томошаға чиқиб бир икки чақирим юрсак, нафас олишимиз одатдагидан икки ярим мисли ортадир. Узоқроқ вақт, бир, икки соат юрсак, тўрт-беш мисли, агар тоғларга чиқсак олти мисли, тез чопсак 12 мисли ортадир... Юриш, чопиш, тоққа чиқиш каби ҳаракатлар билан ихтиёрсиз кўпроқ нафас олиш ўрнига, ўзимиз уйдан ташқарига чиқиб қаттиқ-қаттиқ нафас олсоқ ҳам бўлади...

Ўпкамиз кучлик бўлса, ҳар хил ёмон касалликларнинг микроблари ўпкамизга кирганда унда жон ола олмайдир ва ўпкамиз бу микрўблар билан муваффақиятлик суратда курашадир. Бу касалликларнинг бири ва энг ёмони тубиркулўз (сил) дир. Ўпка кучлик ва соғ бўлганида бу микрўблар ҳеч нарса қила олмайдирлар ва биз соғ қоламиз. Мана, тан ҳаракатлари вужудни, ўпкаларимиз соғлом қиладир, ҳар хил касалларга муқобала қилишда қуролланган бўладир».

ИЛМ ЙЎЛИДАГИ МАШАҚҚАТ

Маълум вақт ўтгач, Совет ҳукумати Баҳовуддинга ўқиш учун стипендия бермай қўяди.

Бу вазиятда Туркистонлик талабаларнинг етакчилари Аҳмад Наим, Саттор Жаббор, Саид Али Хўжалар биргаликда маслаҳатлашишади ва таҳсилни тугаллаш учун маблағ топиш имкониятларини излашган.

Аҳмад Наим Полша элчихонасидан, Баҳовуддин Аминжоновга ўқишини тугатиши учун ёрдам сўрайди. Улар буни СССРнинг Германиядаги ваколатхонасидан яширишга қарор қилгандилар. Чунки, бу пайтда СССР ваколатхонаси талабаларнинг ҳамма ҳаракатларини кузатувга олиб, уларнинг таълимни тугатмасдан қайтариб юбориш учун барча чораларни кўрган.

Баҳовуддин 1929 йил январь-февраль ойларида Варшавада яшаган.

Полша ҳукуматидан ёрдам олишга эришиб, хурсандлик билан Берлинга қайтганида, совет маъмурлари уни мажбуран Ўзбекистонга қайтариб юборди. СССРга қайтган Баҳовуддин 1931 йил Ўрта Осиё Медицина институтида ўқишнинг кейинги қисмини якунлади ва диплом олиши билан ишга – Ялтадаги «Ўзбекистон» санаториясига йўлланма олди. Аммо, беш йил хизмат қилиши ортидан ишдан олиниб, Тошкентга юборилди. Тошкентдаги Республика тубдиспансери, яъни сил касаллигини даволашга ихтисослашган шифохонада иш бошлайди.

Афсуски, кўп ўтмай эндигина 33 ёшга тўлган Баҳовиддин ҳибсга олинди.

ҚАТАҒОН ҚИЛИЧИ

1937 йил 24 январь куни Баҳовуддин Аминжонов 1922-29 йилларда Германия ва Полшада ўқиган, «Мустақил Туркистон» аксилсовет ташкилотининг аъзоси, Полша разведкасига жосуслик мақсадида ёлланган, деган туҳматлар асосида қамоққа олинди. Унинг ортидан турмуш ўртоғи Танзила ва 3 ёшли қизи Суриялар қон йиғлаб қолдилар. Дастлабки сўроқданоқ унинг таҳсилни тамомлаш мақсадида пул топиш учун Полшага бориши воқеаси зўр аксилсовет фаолият сифатида кўрилди. НКВД терговчилари томонидан тайёрланган сўроқ баённомасига кўра, унинг Берлин шаҳрининг Шенеберг туманидаги Хауптштрассе кўчаси, 96 уйда яшовчи Артур Меркшга қўнғироқ қилгани, Германияда ўқиётган дўсти Афзал Абдусаидга хат ёзгани, 1931 йил Саттор Жаббор Германиядан келиб, биринчи бўлиб Баҳовуддиннинг уйига боргани каби ҳолатлар жосуслик фаолияти сифатида талқин этилди. Аслида эса Баҳовуддин 1922-25 йилларда суғурта жамияти раҳбари Меркшнинг уйида ижарада турган.

АЙБЛОВ

Аминжоновнинг айблов баённомасида у ЎзССР Жиноят Кодексининг 57 моддаси I қисми (Ватанга хиёнат, ҳарбий ва давлат сирларини сотиш, шпионаж), 64 (Совет давлатига қарши теракт), ва 67 (аксилинқилобий ташкилотга аъзолик) моддалари билан айбдор деб топилгани қайд этилган. «Учлик» суди атиги 15 дақиқа давом этди. Баҳовуддин Аминжоновга ўлим жазоси буюрилди ва ҳукм ўша куниёқ ижро этилди.

«АДОЛАТ»

Баҳовуддин Аминжоновга юкланган айбловлар афсуски фақат 1961 йилга келибгина қайта кўриб чиқилган. Унинг Самарқанд шаҳридаги фабрикада ишлаган турмуш ўртоғи Танзила Аминжонова сўроққа чақирилади. Сўроқда аёл эрининг НКВД ходимлари томонидан 1937 йил январда қамоққа олингани ҳақида айтади. Шунингдек, орадан 9 ой ўтгач унинг ўзини ҳам қамоққа олишганини баён этган.

Танзила Аминжонова ҳам 18 ой давомида қамоқда сақланган. «Бирор марта сўроқ савол бўлмади, фақат узоқдан икки марта мени Баҳовуддинга кўрсатишди, аммо сўзлашишга имкон беришмади. Кейин қамоқдан чиқариб юбордилар» – дейди аёл.

Бу совет терговчиларининг айбланувчиларнинг яқинларига таҳдид солиб, сохта баённомаларга имзо чекиши учун қўллаган усули эди. «Эрим ўта илмли, виждонли ва маданиятли инсон эди. Унинг ҳалоллиги ҳақида барча танишларидан сўранглар, ахир улар орасида тириклари бор-ку!» деганди Танзила Аминжонова.

1961 йил 18 апрелда Москвада СССР Олий Суди ҳарбий коллегияси Баҳовуддин Аминжонов оқлади. Ёш шифокорнинг асоссиз айблангани тасдиқланди.

Мафтуна КАРИМОВА, ЎзА