Кашмирнинг Ҳиндистон назоратидаги ҳудудида 26 сайёҳ ўлимига сабаб бўлган ҳужумдан сўнг Ҳиндистон Покистон билан асосий чегарадан ўтиш жойини ёпди. Қўшни давлат дипломатларини чиқариб юборди ва сув тақсимоти бўйича келишув ижросини тўхтатди. Бу ҳақда BBC ёзди.
Айбловга қарамай, Покистон фожиага алоқадорлигини рад этди. Ҳиндистон томонидан кўрилган чораларга жавоб қайтариш масаласини муҳокама қилиш учун бугун миллий хавфсизлик йиғилишини ўтказади.
Ўрмондан чиқиб келган қуролли одамлар йирик сайёҳлик манзили – Паҳалгам шаҳри яқинида меҳмонларга автоматдан ўт очган. Ҳалок бўлганлар ҳақида батафсил маълумот тўпланган. Қурбонлар орасида асал ойини ўтказиш мақсадида келганлар, тадбиркорлар қайд этилган.
Шафқатсиз ҳужумни ким амалга оширгани бўйича ҳамон расмий тасдиқ йўқ. Баъзи матбуот хабарларида Покистонда жойлашган “Лашкар-э-Тайба” ташкилотига алоқадор гуруҳ жавобгарликни зиммасига олгани айтилган.
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди хавфсизликк учун маъсуллар билан учрашиш учун хориж сафарини қисқартирди ва Деҳлига қайтди. У айбдорлар аяб ўтирилмаслигини таъкидлади.
Ҳиндистон ва Покистон даъвогарлик қилаётган Кашмир кўп йиллар давомида исён маркази бўлиб келмоқда. Можаро натижасида ҳозиргача ўн минглаб бегуноҳ одам бевақт ҳаётдан кўз юмди. Аҳён-аҳёнда қуролли босқинчилар сайёҳларга ҳам ҳужум уюштириб туради.
Мусулмон Зиё, ЎзА