Касбий таълим – халқаро стандартлар асосида (+видео)
Сўнгги йилларда мамлакатимизда касбий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, ёшларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш ҳамда уларни халқаро меҳнат бозори талабларига мос малакали мутахассислар этиб тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ҳудудлардаги касбий таълим муассасаларида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Нукус шаҳридаги 1-сон техникумда ҳам халқаро стандартларга мос таълим тизими босқичма-босқич жорий этилиб, ўқувчилар учун замонавий шарт-шароитлар яратилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 16 октябрдаги “Касбий таълимда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро таълим дастурларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, мазкур техникумда халқаро “PEARSON” таълим дастури йўлга қўйилди.
2025/2026 ўқув йилидан бошлаб ушбу дастур асосида “Компьютер графикаси ва дизайн оператори”, “Электромонтёр”, “Пайвандлаш ишлари”, “Меҳмонхона хўжалиги ва уни ташкил этиш” ҳамда “Дастурий инжиниринг” мутахассисликлари бўйича таълим ташкил этилди. Шунингдек, “Автомобилларни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш”, “Қутқарувчи”, “Банк назоратчиси”, “Тикувчи”, “Лаборант-аналитик”, “Оқава сув ва сув таъминоти тизимларидан фойдаланиш ва монтаж қилиш устаси” ҳамда “Ўт ўчирувчи” йўналишларида ҳам кадрлар тайёрланмоқда.
Ҳозирги кунда 12 та мутахассислик бўйича жами 1 116 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.
Халқаро таълим дастурларини самарали жорий этиш мақсадида таълим муассасасининг моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Жумладан, ўқув биноси ва устахоналарни реконструкция қилиш ишларига 7 миллиард 199,3 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Шунингдек, амалий машғулотлар учун замонавий асбоб-ускуналар, лаборатория жиҳозлари ҳамда мебеллар харидига 4 миллиард 736,2 миллион сўм сарфланди.
Бугунги кунда ўқувчилар яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, амалий машғулотларда фаол иштирок этмоқда. Замонавий жиҳозланган устахона ва лабораториялар уларнинг касбий маҳоратини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
[gallery-28734]
Техникум ўқувчилари таълим билан бирга спорт ва турли кўрик-танловларда ҳам юқори натижаларга эришмоқда. Жумладан, “Ёш қутқарувчи” ҳарбий-спорт мусобақасининг республика босқичида техникум ўқувчиларидан ташкил топган “Жайхун” жамоаси 1-ўринни эгаллаб, Беларусь Республикасида ўтказилган халқаро босқичда муносиб иштирок этди.
Шунингдек, “Баркамол авлод” спорт мусобақаларининг республика босқичида бадминтон бўйича 2 нафар, белбоғли кураш бўйича 3 нафар ўқувчи, шунингдек, волейбол жамоаси совринли ўринларни қўлга киритди.
Хулоса қилиб айтганда, техникумда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва яратилган имкониятлар ёшларнинг замонавий касб-ҳунар эгаллашида, уларни рақобатбардош мутахассислар этиб тайёрлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Халқаро таълим дастурларининг жорий этилиши эса таълим сифати ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/5r_QlHTNs_8" title="Kasbiy ta’lim – xalqaro standartlar asosida" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат, видео), ЎзА фотомухбири