Тошкент вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон касаба уюшмалари ташкил этилганининг 120 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ фаолларни тақдирлаш маросими ташкил этилди. Унда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев сўзга чиқиб, барча фаолларни байрам билан самимий табриклади ва касаба уюшмалари тизимининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётида тутган ўрнига алоҳида тўхталди.
– Бугунги кунда касаба уюшмалари ҳар бир фуқаронинг муносиб меҳнат шароитида ишлаши, ўз меҳнатининг самарасидан рози бўлиши учун фаолият юритмоқда. Касаба уюшмалари фақат меҳнаткашларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи институт эмас, балки инсон қадрини улуғловчи, жамоатчилик билан давлат ўртасидаги мулоқот кўприги вазифасини бажараётган муҳим ижтимоий кучдир, – деди вилоят ҳокими З.Мирзаев.

Тадбирда меҳнат жамоаларида фаоллиги, жамоатчилик манфаатларини ҳимоя қилишдаги ташаббуслари ва ижтимоий ҳаётдаги муносиб иштироки билан алоҳида ажралиб турган бир гуруҳ касаба уюшмалари фаолларига “Ўзбекистон касаба уюшмаларига 120 йил” эсдалик кўкрак нишонлари топширилди.

Таъкидлаш жоизки, қонуний меҳнат муносабатларини такомиллаштириш, ишчи-ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда жамоатчилик назоратини ривожлантириш – ижтимоий давлат қуришнинг муҳим устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу жараёнда касаба уюшмалари фаолларининг фидокорона меҳнати ва фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ташаббуслари катта аҳамиятга эга. Маълумот ўрнида, жорий йилда 120 нафардан ортиқ фаол касаба уюшмаси аъзолари мазкур эсдалик кўкрак нишони билан тақдирланмоқда. Бу уларнинг меҳнат соҳасидаги фаоллиги ва жамоатчилик ҳаётидаги муносиб иштироки учун берилган юксак эътирофдир.

Шунингдек, Қибрай туманида байрам тадбири ташкил этилди. Мазкур тантанали маросим вилоятдаги барча касаба уюшмаси фаолларининг, фидойилик билан хизмат қилиб келаётган ходимларнинг меҳнатини қадрлаш, меҳнат фахрийларини улуғлаш, уларга чуқур ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш ифодаси бўлди. Тадбирда вилоят ҳокимлиги мутасадди раҳбарлари, касаба уюшмалари фаоллари, бир қатор ташкилот ва идоралар жамоалари ҳамда меҳнат фахрийлари иштирок этди.
Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда вилоят касаба уюшмалари томонидан меҳнат соҳасида 2,5 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан таклифлар ишлаб чиқилгани, 6 минг 130 та жамоа шартномалари имзоланиб, уюшма аъзолари сони 645 минг 671 нафарга етгани – буларнинг бари вилоятда меҳнаткашлар манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун муносиб шароит яратиш йўлида амалга оширилаётган ишларнинг ёрқин намунаси дейиш мумкин.

– Айниқса, иш ҳаққи қарздорлигини ундириш, янги иш ўринлари яратиш, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш каби муҳим масалаларда вилоят касаба уюшмалари фаоллари мунтазам фаолият юритмоқда, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти кенгаши раиси ўринбосари Лола Холмўминова. – Улар нафақат давлат дастурлари доирасида, балки жойларда ҳам ишчи-ходимларнинг ҳар бир талаб ва эҳтиёжини инобатга олиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш йўлида турли чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Хусусан, Тошкент вилоятида 2020–2025 йиллар давомида 16 мингдан зиёд фуқаро иш билан таъминланди, минглаб оилаларга ва ходимларга моддий ва ижтимоий ёрдамлар кўрсатилди.

Мониторинглар натижасида 30 миллиард сўмдан ортиқ иш ҳаққи қарздорлиги ундирилишида амалий ёрдам кўрсатилди, минглаб фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланди. Шунингдек, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида юз минглаб меҳнаткаш ва уларнинг оила аъзолари Ватанимизнинг гўзал ҳудудларига саёҳат қилиш имконига эга бўлди.

Байрам кечасининг асосий тадбири – меҳнат фидойиларига “Ўзбекистон касаба уюшмаларига 120 йил” эсдалик кўкрак-нишони топширилгани бўлди. Бу мукофот уларнинг фидокорона меҳнати, жамоат фаолияти ва инсон манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларига берилган муносиб баҳо десак, тўғри бўлади.

Тадбир кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Таниқли хонандалар ва санъат усталари ўзларининг дилга яқин куй-қўшиқлари, жарангдор ижролари билан чинакам байрамона руҳ бағишлади. Меҳмонлар учун байрамона дастурхон ёзилди, меҳнат фидойиларига муносиб иззат-икром кўрсатилди.
А.Мусаев, ЎзА.