Карманаликлар пахта хирмонини бунёд этди
Навоий вилояти Кармана туманидаги 143 та фермер хўжалиги 5440 гектар майдонга чигит қадаб, 18 минг 546 тонналик “оқ олтин” хирмонини яратди.
Бунда тумандаги “Авез Бобо”, “Иброҳим Махсум”, “Қаҳрамон”, “Ахатхон Авазов”, “Воҳид Мустафо”, “Лочин”, “Комил Мирзо келажаги” каби ўнлаб фермер хўжаликлари пахтачиликда юқори натижа ва ҳосилдорликка эришиб, биринчилардан бўлиб етиштирилган ҳосилни йиғиштириб олди ва улкн хирмон яратилишига муносиб ҳисса қўшди.

– Менинг ота-боболарим ер чопиб, деҳқончилик билан шуғулланиб келгани боис мен ҳам фермер бўлдим, – дейди “Лочин” фермер хўжалиги раҳбари Дониёр Ражабов. – Шу йил 41 гектар ер майдонда пахта етиштириб, 165 тонна ҳосил олдик. Даромад ҳам шунга яраша бўлди. Эришаётган ютуқларимиз, аввало, янги тизим, янгича ёндашув билан боғлиқ. Яъни, кластер тизими ўзининг самарасини яққол кўрсатди. Янги тизим ва янги корхонада ўғит, агротехник тадбирларни керак вақтда ўтказиш, ишлов муддатларига тўла риоя қилиниши ва албатта меҳнатга ҳақ тўлаш, юқори манфаатдорлик ушбу муваффақият омили бўлди.

Етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмасдан, кузнинг қировли кунларига қолдирмасдан йиғиштириб олишда теримчиларнинг ҳам ўрни беқиёс, албатта.
– Ҳар йили оиламиз даромадини ошириш мақсадида пахта теримига чиқаман, – дейди илғор теримчилардан бири Наргиза Ҳамроева. – Бу йилги пахта терими жуда яхши ўтди, теримчиларга барча шароитлар яратилган. Ҳаттоки илғор теримчиларга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан қимматбаҳо совғалар берилди. Пахта терими пулини ҳам ҳар беш кунда олиб турдик.
Далаларда ҳали ҳосил мўл, йиғим-терим ишлари давом этмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА