Карманада акрил ипи ишлаб чиқарилмоқда
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури асосида амалга оширилаётган тизимли ишлар самарасида жорий йилнинг 9 ойида 347 кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 4 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди.
Кармана туманидаги “Wool textile” хусусий корхонасида ички ва ташқи бозорда талаб юқори бўлган сифатли акрил ипи ишлаб чиқарилмоқда. 2009 йилда ташкил этилган корхона ойига 10 тонна ана шундай харидоргир маҳсулот тайёрлаш қувватига эга.
– Тадбиркор биринчи навбатда ишлаб чиқарадиган маҳсулотининг бозорда нечоғлиқ харидоргирлигини ўрганади, – дейди корхона раҳбари Абдулла Тиллаев. – Биз ҳам мазкур қоидага амал қилиб, хориждан замонавий технологиялар келтирдик ва сунъий тола ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Автоматлаштирилган дастгоҳларни касб-ҳунар коллежларини битирган 10 дан ортиқ ёш мутахассис бошқармоқда. Маҳсулотларимиздан тўқимачилик корхоналарида кенг фойдаланилади.
Корхонага хомашё асосан “Навоийазот” акциядорлик жамияти ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб берилади.
Айни пайтда корхонада полипропилен ип ишлаб чиқаришни ўзлаштириш борасида изланишлар олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳа амалга оширилгач, яна 16 нафар ёш мутахассис иш билан таъминланади. Янги маҳсулот – полипропилен ипларга тўқимачилик, айниқса, гиламдўзлик саноатида талаб юқори.