Камчиликлар муҳокама қилинди
Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Ш.Аминов раислигида Қораўзак, Мўйноқ, Тўрткўл, Шуманай тумани прокуратураларининг қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги натижаси ҳайъат йиғилишида муҳокама қилинди.
Унда шаҳар ва туман прокурорлари, ўринбосарлари ва терговчилари Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Мажбурий ижро бюросининг туман бўлимлари бошлиқлари иштирок этишди.
Ҳайъат йиғилиши кун тартибида Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказиш ва жиноят ишларининг терговида йўл қўйилаётган камчиликлар ҳамда хатолар, прокуратура органларига юклатилган устувор вазифалар, ижро ва хизмат интизоми талабларига риоя этиши масалалари танқидий кўриб чиқилди.

Таҳлилий ва танқидий руҳда ўтган ҳайъат йиғилишида, Қораўзак, Мўйноқ, Тўрткўл, Шуманай тумани прокурорларининг ҳисоботи тингланиб, йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилинди ҳамда уларни қисқа муддатда бартараф этиш юзасидан зарур кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, кун тартибидаги кейинги масалаларда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси органлари томонидан терговга қадар текширув ва тергов жараёнларида йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни тўлиқ бартараф қилиш, тергов сифатини яхшилаш, қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш ҳамда “Прокуратура органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш” концепцияси ижроси ва қасамёдга содиқ қолиш борасида ходимларнинг келгусидаги вазифалари белгилаб берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.