Кам харажат эвазига мўл ҳосил етиштириш тажрибаси
Жиззах вилоятида қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ресурс тежамкор агротехнологияларни кенг жорий этиш борасидаги ишлар ўз натижасини бермоқда.
Жумладан, Дўстлик туманидаги “Олмос гамбой” фермер хўжалиги ана шу жараённинг бир нуқтадаги эмас, балки амалда ўзини оқлаётган тажрибасини намоён этади. Бу ерда эришилаётган натижаларнинг қиммати ҳам шунда — ҳар бир тежалган гектар, ҳар бир тежалган сўм ортида аниқ ҳисоб-китоб ва меҳнат турибди.
1996 йилда 30 гектар майдонда иш бошлаган хўжаликнинг бугунги ер майдони 110 гектарга етган. Жорий йилда 70 гектар майдонда “Алексеевич” навли ғалла парваришланиб, ҳар гектаридан 85 центнергача ҳосил олинди. Айни пайтда 40 гектар майдонда пахта етиштирилмоқда.
Хўжалик раҳбари Ҳамза Ботировнинг айтишича, бу натижа, аввало, ресурсга муносабатни ўзгартиришдан бошланган.

— Бу йил ресурс тежамкор агротехнологияларни қўллашга алоҳида эътибор қаратдик. Илгари пахтани 90 сантиметр оралиқда эккан бўлсак, ҳозир 76 сантиметр оралиқда қўшқатор усулидан фойдаланяпмиз. Натижада 50 гектар майдондан қарийб 7,5 гектар ер тежалди. Мазкур усул ҳосилдорликни ошириш имконини бермоқда. Очиқ майдонларга “Т-115” ва “С-43” навли пахта экилган. Мониторинг натижаларига кўра, ҳосилдорлик 60–66 центнерни ташкил этмоқда. Ўтган йили плёнка остида томчилатиб суғориш технологияси асосида “С-57” навидан гектарига 65 центнердан ҳосил олинган. Бу тажрибанинг асосий жиҳати шундаки, ерни кўпайтириш эмас, ундан самаралироқ фойдаланиш биринчи ўринга чиқмоқда. 50 гектарда қарийб 7,5 гектар ернинг тежалиши ресурс тежамкор технологиянинг қоғоздаги эмас, амалдаги самарасидир, – дейди Ҳамза Ботиров.
Пахтачиликда қўл меҳнатини камайтириш мақсадида бегона ўтларга қарши махсус пуркагичлар ёрдамида гербицидлар билан ишлов бериш йўлга қўйилган. Бу усул майдонларни бегона ўтлардан тоза сақлаш баробарида, меҳнат ва маблағ сарфини ҳам қисқартириб, 100 миллион сўмдан ортиқ маблағни тежаш имконини берган.
Технологиянинг қиймати унинг инсон меҳнатини енгиллаштирганида ҳам кўринади. Хўжаликда 10 нафар доимий ишчи ва 2 нафар тракторчи меҳнат қилади. Зарур қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминланганлик эса агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш ва ҳосилни қисқа муддатларда йиғиб-териб олишга хизмат қилмоқда.
Самара фақат даланинг ўзида қолмаётир. Хўжаликда меҳнат қилаётганларни рағбатлантириш ва оилавий даромадини оширишга ҳам эътибор берилган. Ҳар бир ходимга 5 тоннадан ғалла ажратилган. Ғалладан бўшаган майдонларнинг бир қисмига такрорий экин сифатида мош экиш учун ер ажратилган. Натижада ходимлар бу майдонлардан 3–4 тоннадан мош ҳосили олиб, оила даромадини ошириш имконига эга бўлмоқда.
Ишчиларнинг чорва моллари учун озуқа базасини яратиш мақсадида беда, маккажўхори ва силос етиштириш ҳам йўлга қўйилган.
Бир хўжаликнинг тажрибаси, албатта, бутун соҳанинг мезони эмас. Аммо, унинг аҳамияти ҳам айнан шунда эмас. Муҳими, бу тажриба бугун қишлоқ хўжалигида устувор бўлаётган ёндашув — кам ресурс билан кўпроқ натижа олиш, технология орқали меҳнат самарадорлигини ошириш ва етиштирилган ҳосилдан хўжалик аҳли даромадини кўпайтириш мумкинлигини аниқ рақамларда кўрсатмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири