Кадрлар институтнинг ўзида тайёрланади
Янгиер шаҳрида 2027 йилда ишга туширилиши режалаштирилаётган янги корхона учун 550 нафарга яқин малакали кадрни Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалида тайёрлаш режалаштирилмоқда. Бу масала Венгриянинг «Ҳунгерит Zrt.» компанияси вакиллари билан ўтказилган учрашувда асосий муҳокама мавзуси бўлди.
Мулоқотда компания вакиллари янги ишлаб чиқариш корхонасининг асосий қисми Янгиер шаҳрида барпо этилишини маълум қилди. Корхона учун кадрлар тайёрлашда Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали билан ҳамкорлик қилиш, мутахассисларни танлаш ва уларнинг касбий малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.

Янги ишлаб чиқариш корхонаси учун озиқ-овқат технологияси, муҳандислик-технология, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва технологик жараёнларни бошқариш каби йўналишларда мутахассисларга эҳтиёж мавжуд. Шу муносабат билан институтда ушбу соҳаларга мос таълим йўналишларига талабаларни кенг жалб этиш, корхона эҳтиёжидан келиб чиқиб, янги ва истиқболли йўналишларни ривожлантириш ҳамда кадрларни мақсадли тайёрлаш бўйича фикр алмашилди.

— Ҳамкорлик доирасида талабаларнинг назарий билимларини амалий кўникмалар билан бойитиш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, талабаларни Венгрияда фаолият юритаётган соҳага ихтисослашган корхоналарга амалиёт ва стажировкага юбориш, замонавий ишлаб чиқариш технологиялари ҳамда Европа тажрибасини ўрганиш режалаштирилмоқда, — дейди филиал директори Зафар Ҳакимов.
Бу жараёнда хорижда орттирилган амалий тажрибани таълим жараёнига татбиқ этиш, ўқув дастурларини иш берувчи талабларига мослаштириш ва битирувчиларнинг меҳнат бозорида рақобатбардошлигини ошириш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланди.
Маълумотларга кўра, мазкур инвестицион лойиҳани 2027 йилда ишга тушириш режалаштирилган. Корхонада замонавий, жаҳон стандартларига мос ишлаб чиқариш технологиялари асосида йилига 25 минг тонна парранда маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Янги ишлаб чиқариш қувватининг ташкил этилиши нафақат шаҳарда янги иш ўринларини яратиш, балки уларни замонавий касбий билим ва кўникмаларга эга кадрлар билан таъминлашни ҳам тақозо этади. Шу нуқтаи назардан қараганда, институт ва компания ўртасидаги ҳамкорлик таълим мазмунини ишлаб чиқариш эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш, талабаларнинг амалий тайёргарлигини кучайтириш ва корхона учун зарур мутахассисларни олдиндан тайёрлашга қаратилмоқда.
Учрашув якунида кадрлар тайёрлаш, талабаларни танлаш, хорижий амалиёт ва стажировкаларни ташкил этиш ҳамда келгусида корхона учун зарур мутахассисларни тайёрлаш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири